Президент администрациясининг ҳуқуқий мақоми белгиланди
Ўзбекистонда Президент администрациясининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, ваколатлари ва фаолиятини ташкил этиш тартиби конституциявий қонун билан белгилаб қўйилди. Администрация бевосита президентга бўйсунади ва унга ҳисобдор бўлади.

Президент администрациясининг ҳуқуқий мақоми белгиланди.
2026-йил 6-августда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 7-августда Сенат томонидан маъқулланган «Ўзбекистон президенти администрацияси тўғрисида»ги конституциявий қонун кучга кирди.
Ушбу қонунга кўра, Президент администрацияси давлат бошлиғининг ваколатларини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминловчи давлат органи ҳисобланади. Шунингдек, у Президентга давлат ҳокимияти органларининг келишилган фаолиятини ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлашда ёрдам беради.
Администрация Президентнинг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижроси доирасида давлат органлари, ташкилотлари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини мувофиқлаштиради. Мазкур ҳужжатларнинг ижросини мониторинг қилиш ва назоратини ташкил этиш ҳам унинг ваколатига киради.
Администрация юридик шахс мақомига эга бўлади. Унинг фаолияти Конституция ва қонунларнинг устунлиги, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг устуворлиги, холислик, мустақиллик, очиқлик ва шаффофлик принсипларига асосланади.
Президент администрацияни шакллантиради. Унга Президент томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Администрация раҳбари бощилик қилади. Администрация ўз фаолиятини Президент белгилаган асосий йўналишлар доирасида амалга оширади.
Қонун билан Администрациянинг асосий вазифалари ҳам белгиланди. Жумладан, у мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланишини таҳлил қилади, Президент томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни таъминлашда ва янги муҳим ташаббусларни ишлаб чиқишда иштирок этади. Шунингдек, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга кўмаклашади.
Бундан ташқари, Администрация аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, ягона давлат кадрлар сиёсати амалга оширилишини таъминлаш ҳамда Президент ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш вазифаларини ҳам бажаради.

