Маҳаллий

Пойтахт ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхоналарга фақат газ, электр ва бошқа хавфсиз энергиядан фойдаланишга рухсат берилди

Ўзбекистон ҳукумати Тошкент шаҳри ва унга туташ бешта тумандаги иссиқхоналар учун махсус экологик режим жорий этди. Уларга фақат газ, электр, геотермал, қуёш ва иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланган ҳолда ишлашга рухсат берилди. Кўмир иссиқхоналари декабрга қадар модернизация қилиниши керак.

Пойтахт ва унга яқин ҳудудлардаги иссиқхоналарга фақат газ, электр ҳамда бошқа хавфсиз энергия манбаларидан фойдаланишга рухсат берилди

Ҳукумат 586-сонли қарор билан Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхона хўжаликларининг экологик хавфсиз фаолиятини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни тасдиқлади.

Ҳужжатга мувофиқ, пойтахт ҳудудида, шунингдек, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида (махсус ҳудуд) иссиқхона хўжаликлари учун алоҳида экологик режим жорий этилди.

Махсус ҳудудда иситиш тизими ўрнатилган иссиқхона хўжаликлари фаолиятини фақат табиий газ (шу жумладан, суюлтирилган), электр, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр стансияларида ишлаб чиқариладиган иккиламчи иссиқлик энергияси асосида юритиши мумкин. Бунда давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси бўлиши шарт.

Қаттиқ ёқилғидан (кўмир, биомассадан тайёрланган брикет ва пеллетлар) фойдаланаётган иссиқхона хўжаликлари 1-декабргача иситиш тизимларини юқорида кўрсатилган энергия турларига ўтказиб, фаолиятини давом эттириши керак.

Иссиқхона хўжаликларига қаттиқ ёқилғидан фақат қуйидаги талабларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида бажарилганда фойдаланишга рухсат этилади:

Махсус ҳудудда фаолият юритаётган иссиқхона хўжаликларида шиналар, битум, мазут, пластмасса ва полимер плёнкалар, синтетик картон, резина, жун толаси, ишлатилган мойлар, маиший ва ишлаб чиқариш чиқиндилари ҳамда шунга ўхшаш таркибли материалларни ёқилғи сифатида ёқиш қатъиян ман этилади.

Қарорга кўра, махсус ҳудуддаги иссиқхона хўжаликларини экологик модернизация қилиш учун молиявий ёрдам кўрсатилади.

Хусусан, 2028-йил 1-январгача чанг-газ тозалаш ускуналари, қозонхона қурилмалари, энергия тежовчи экранлар, энергия самарадор технологиялар, шунингдек, электр, геотермал ва қуёш энергиясида ҳамда когенерация асосида ишлайдиган иситиш ускуналарини харид қилиш харажатларининг 50 фоизи миқдорида субсидия берилиши кўзда тутилган. Субсидия миқдори иссиқхона хўжалигининг ҳар бир гектари учун 50 млн сўмдан ошмаслиги керак.

2026−2027-йилларда электр, геотермал ва қуёш энергиясидан, шунингдек, когенерациядан фойдаланадиган иситиш тизимларига ўтиш лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банклари орқали миллий валютада 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 7 йил муддатга йиллик 14 фоизлик ставкада (шундан 4 фоизи банк маржаси) кредитлар ажратилади. Кредит миқдори лойиҳа қийматининг 50 фоизигача, бироқ ҳар бир гектар учун 3 млрд сўмдан ошмаган миқдорда бўлади.

Бундан ташқари, автоматик мониторинг стансияларини (СЕМС) харид қилишни истаган иссиқхона хўжаликларига битта стансия учун 350 млн сўмгача маблағ ажратилади.

Молиялаштириш Экология қўмитаси ҳузуридаги Давлат экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш маркази тасдиқлаган техник талабларга риоя қилинган ҳолда, фоизсиз 5 йилга бўлиб тўлаш шарти билан уч томонлама шартнома асосида амалга оширилади. Бунда маблағ олувчилар стансияларни ўрнатиш, уларни қўмитанинг ахборот тизимига интеграция қилиш ва маълумотларнинг узлуксиз узатилишини таъминлаш мажбуриятини олади.

Стансияларни ўрнатиш, уларни Экология қўмитасининг ахборот тизими билан интеграция қилиш, мониторинг маълумотларини узлуксиз узатишни таъминлаш ёки тўловларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича шартнома мажбуриятлари бажарилмаса, ёзма огоҳлантиришдан сўнг стансияларни демонтаж қилиш ва шартномада белгиланган тартибда қайтариб олиш чоралари кўрилади. Тўлов муддати келган қарздорлик безаксепт тартибда ундирилади.

Атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатадиган ёқилғидан фойдаланган ҳолда иссиқлик ишлаб чиқарадиган бошқа тармоқлардаги қозонхона қурилмалари учун ҳам экологик нормативлар белгиланади. Атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи корхоналар ўз фаолиятининг экологик хавфсизлик даражасига қараб “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилади. Тегишли талаблар қонунчиликда мустаҳкамланади.

Шу билан бирга, 2030-йил 1-январгача иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва модернизация қилиш учун мўлжалланган ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналарни олиб киришда божхона божидан озод этиш имтиёзи берилади. Имтиёз чанг-газ тозалаш ускуналари, энергия самарадор қозонлар, когенерация қурилмалари, геотермал ва қуёш энергиясидан фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналар, чиқариндиларни автоматик мониторинг қилиш тизимлари, шунингдек, уларнинг бутловчи қисмларига татбиқ этилади.

Қарорга кўра, иссиқхоналарнинг иситиш тизимлари филтрларида ҳосил бўладиган хавфли суюқ чиқиндилар, шунингдек, гидропоника оқова сувлари (филтратлар) тозаланиб, техник сув сифатида қайта фойдаланишга йўналтирилади. Бунинг учун 2027-йил 1-январгача Оҳангарон туманидаги экосаноат ҳудудида филтратларни вақтинча сақлаш сув омбори қурилиб, фойдаланишга топширилади.

2027-йил 1-июнгача танлов асосида филтратларни қайта ишлаш билан шуғулланадиган корхона аниқланади. Тошкент вилояти ҳокимлиги жорий йилнинг 1-ноябрига қадар экосаноат ҳудудидан ер майдони ажратиши керак.

Филтратларни вақтинча сақлаш резервуарини қуриш шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилинган ҳолда, лойиҳа ҳужжатлари асосида босқичма-босқич амалга оширилишига рухсат берилади. Иссиқхона хўжаликлари мулкчилик шаклидан қатъи назар, ўзларида ҳосил бўладиган филтратларни белгиланган тарифлар бўйича ушбу операторга топширишлари шарт.

“Иссиқхона хўжаликларини экологик модернизация қилиш Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган комплекс чора-тадбирларнинг муҳим босқичидир. Замонавий тозалаш тизимлари, автоматик мониторинг воситалари ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш экологик юкламани камайтириш ҳамда иссиқхона хўжалигини ривожлантиришнинг янада барқарор моделини шакллантириш учун шароит яратади”, — дея қайд этди Экология қўмитаси.

“Асосий вазифа — тадбиркорликни ривожлантириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи ўртасида мувозанатни таъминлаш”, дея таъкидлади идора.

Шу ой бошида Экология қўмитаси иссиқхоналар вакиллари ҳавони тозалаш учун махсус филтрлар ўрнатиш шарти билан ўз фаолиятларини сақлаб қолишни таклиф қилганини хабар қилган эди. Қўмитага бундай филтрнинг намунаси тақдим этилган, бироқ у текширувдан ўтмаган.

2025-йил ноябрида Тошкентда ҳаво сифати ёмонлашгани фонида пойтахт ва унга туташ ҳудудлардаги барча иссиқхоналарни зудлик билан газ иситиш тизимига ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинган эди. Март ойида эса жорий йилнинг 1-октабридан пойтахт ва ён-атрофдаги туманларда янги иссиқхоналар ташкил этишга чекловлар жорий этилиши маълум қилинганди.

2026-йил июнида ҳаво сифатини яхшилаш бўйича махсус комиссия Тошкент вилоятида иссиқхоналарни демонтаж қилиш ва уларни сунъий иситиш тизимларидан узишга киришди. Тадбиркорларга хўжаликларини Сурхондарё вилоятидаги “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонасига кўчириш таклиф этилди.

Ёз охирида Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов Газетаъга берган интервюсида пойтахт минтақасида ишини давом эттиришни истаган иссиқхона хўжаликлари учун чиқариндиларни тозалаган ҳолда рухсат берилган ёқилғи турларидан фойдаланиш ва филтрлар ўрнатиш имконияти кўриб чиқилаётганини айтган эди. У, шунингдек, молиявий қўллаб-қувватлаш инструментлари ҳақида ҳам маълумот берганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.