Португалияда салкам 40 йил сиркда ишлаган фил “нафақага чиқди”

Португалияда қарийб 40 йил давомида сиркда фаолият юритган фил "нафақага чиқди".
Португалияда салкам 40 йил давомида аренада ишлаган Жули исмли фил нафақага чиқарилди. Унинг янги яшаш жойи Алентежудаги "Пангеа" қўриқхонаси бўлди. Бу Европада "меҳнаткаш ҳайвонлар" учун махсус ташкил этилган биринчи маскандир.
Жули 1980-йилларнинг охирида Африкада кичиклигида тутиб олиниб, Португалияга олиб келинган. Унинг сиркдаги "фаолияти" 1988-йилда бошланган. Ҳозир у назорат остидаги эркинлик шароитида яшамоқда ва янги жойида илк бор лойли ванна қабул қилишга ҳам улгурди.
2018-йилда мамлакат ҳукумати 2024-йилга келиб ёввойи ҳайвонлардан фойдаланишни тақиқловчи қонунни қабул қилди. Шундан сўнг, қўриқхона фил эгаси билан келишиб олгунига қадар Жулининг доимий бошпанаси бўлмади. Тайёргарлик ва ташиш ишлари бир ярим йил вақт олди.
Унинг "нафақаси" қанча давом этишини айтиш қийин. Табиатда филлар 70 йилгача умр кўрса, тутқунликда одатда икки баравар кам яшайди.
Қўриқхона 400 гектар майдонни эгаллайди ва 20-35 та филга мўлжалланган. У ерда барча ҳайвонлар эркин кезиши, озуқа излаши ва табиий муҳитда шахсий парвариш билан таъминланиши мумкин.
Йил охиригача Жулининг ёнига тахминан 40 йил аввал ёввойи табиатда тутилган яна бир урғочи Африка фили — Кариба келиб қўшилади. Ҳозир у Белгия ҳайвонот боғида ёлғиз яшамоқда.

