Полшадаги бўлажак АҚШ ҳарбий базасига Трамп номи берилиши мумкин

Полшадаги бўлажак АҚШ ҳарбий базаси Трамп номи билан аталиши мумкин
Полша президенти Карол Навроцкий, агар мамлакат ҳудудида АҚШнинг доимий ҳарбий базаси барпо этилса, у Доналд Трамп шарафига Форт Трумп деб номланишини билдирди.
База очилишига Трампнинг ўзи келиши кутилмоқда
Карол Навроцкининг айтишича, лойиҳани тасдиқлаш фақат вақт масаласи холос. У база Трампнинг президентлик муддати якунланадиган 2029-йилгача қуриб битказилишига умид қилмоқда.
“Америка маъмурияти ҳамда иккала мамлакат ҳукуматлари ишларни якунлагач, ўйлайманки, президент Трамп Форт Трумп базасининг очилишида шахсан ўзи қатнашади”, деди Полша президенти.
Қайд этилишича, қурилиш бошланишидан аввал томонлар қолган ташкилий ва молиявий масалаларни ҳал қилиб олиши лозим. Август ойида Полшада доимий АҚШ ҳарбий базасини ташкил этиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди.
10 минг америкалик ҳарбий ва янги режа
Ҳозир Полшада ротация асосида қарийб 10 минг америкалик ҳарбий жойлаштирилган. Навроцкийга кўра, агар Вашингтон Германиядаги ҳарбийлари сонини камайтирса, Варшава уларнинг бир қисмини ўз ҳудудида қабул қилишга тайёр.
Полшада АҚШнинг доимий ҳарбий базасини ташкил этиш таклифи илк бор 2018-йилда ўша пайтдаги президент Анжей Дуда томонидан илгари сурилган. 2026-йил сентябр ойида АҚШ вакиллари база қурилиши мумкин бўлган жойларни кўздан кечириш учун Полшага ташриф буюрди.
Айни пайтда, куни кеча Трамп Гренландияда иккита йирик ҳарбий база қурилиши ва у ерда АҚШ ҳарбий иштироки оширилишини маълум қилди. У Дания ва Гренландия билан тузилган келишув Вашингтонга орол хавфсизлиги устидан доимий назорат ўрнатиш имконини беришини таъкидламоқда.

