Полша Украинани поляклар қабрларини қазишда айблади

Полша Украинани поляклар қабрларини ноқонуний қазишда айблади. Бу ҳақда “РБК” хабар берди.
Полшанинг “Ҳуқуқ ва адолат” (ПиС) партияси раҳбари ва мухолифат етакчиси Ярослав Качинскийнинг сўзларига кўра, Украинанинг ғарбий қисмида, собиқ поляк қишлоқлари ўрнида ноқонуний қазишмалар олиб борилмоқда.
Бу ҳолат Шарқий Галлиция тарихий вилоятида содир бўлмоқда. Ушбу ҳудуд Украинанинг Лвов, Ивано-Франковск ва Тернопол вилоятларининг бир қисмини ўз ичига олади. Вилоятнинг маркази Лвов шаҳри ҳисобланади.
ХИИИ асрда бу ерда қадимги рус Галлиция-Волин князлиги жойлашган эди. Кейинчалик бу ҳудудлар Полша, Австрия-Венгрия таркибида бўлган. Урушлар оралиғидаги даврда яна Полша таркибига кирган. 1939-йилда эса Шарқий Галлиция Украина ССР таркибига қўшиб олинган.
Качинскийнинг таъкидлашича, “қора қазувчилар” қабрларни талаб, моддий манфаат учун қимматбаҳо буюмларни олиб кетмоқда ва шу билан марҳумлар хотирасига ҳурмацизлик қилмоқда. Сиёсатчининг фикрича, бу ишлар маҳаллий Украина ҳокимиятининг розилиги билан содир бўлмоқда.
“Номаълум қора қазувчилар гуруҳи даромад олиш мақсадида марҳумларнинг хокини ҳақорат қилмоқда. Волин қирғини қурбонларига тегишли тақинчоқларни таламоқда. Буларнинг барчаси маҳаллий Украина ҳокимиятининг рухсати билан юз бермоқда”, дея унинг сўзларини келтирди нашр.
Бунга жавобан “Ҳуқуқ ва адолат” партияси расмий суриштирув бошламоқчи. Качинский Полша манфаатларини ҳимоя қилиш учун Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа муҳим давлат органларига мурожаат қилишини билдирди.
Ярослав Качинский авиаҳалокатда қурбон бўлган президент Лех Качинскийнинг эгизак укасидир. Шунингдек, у Иккинчи жаҳон уруши фахрийсининг ўғли ҳисобланади. Сиёсатчи Киевни УПА (Украина қўзғолончилар армияси)ни улуғлагани учун кескин танқид қилиб келади. У тарихий баҳслар ҳал этилмагунича ва поляк фермерлари манфаати ҳимоя қилинмагунича Украинанинг Евроиттифоққа кириши бўйича музокараларни блоклашга чақирмоқда.
Аввалроқ Полша бош вазири Доналд Туск мамлакати Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини, бироқ янги йирик ҳарбий ёрдам пакетини ажратиш масаласида эҳтиёткор ёндашишини маълум қилганди. Бош вазир Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдам зарурлигини тан олган ҳолда, Полша ўзининг Европа Иттифоқи ва НАТО олдидаги мажбуриятларини ҳам унутмаслиги кераклигини та'кидлаган.

