Полша Россия ва Беларус билан чегараларни ёпиб ракеталар жойлаштирмоқчи

Полша Россия ва Беларус билан чегараларни ёпишга ва ракеталар жойлаштиришга тайёрланмоқда.
Полша зарурат туғилганда Россия ва Беларус билан чегарадош барча ўтказиш пунктларини тўлиқ ёпишга тайёр. Бу ҳақда Тҳе Моссов Тимес нашри мамлакат мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камишга таяниб хабар берди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Варшава “Шарқий қалқон” дастури доирасида ўзининг шарқий чегараларида 1000 километргача бўлган масофадаги нишонларни ура оладиган ракеталарни жойлаштиришни режалаштирмоқда. Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарида айтилишича, бу 1000 километрдан ошадиган масофада стратегик ва 1000 километргача бўлган масофада оператив тийиб туришни англатади.
Косиняк-Камишнинг аниқлик киритишича, узоқ масофага учувчи қуроллар, жумладан, Ҳомар А ялпи ўт очиш реактив тизими Полша Қуролли кучлари сафига киритиб бўлинган.
У, шунингдек, “Шарқий қалқон” лойиҳаси миллий чегара доирасидан чиқиб бўлганини таъкидлади. Дастурни амалга оширишда Германия ҳарбийлари иштирок этмоқда, тез орада АҚШ, Буюк Британия ва Франсия муҳандислик бўлинмалари ҳам жараёнга қўшилади. Вазирнинг сўзларига кўра, бу бутун алянс ўзиники деб қабул қилган тийиб туриш ва мудофаа фалсафасидир.
Унинг қўшимча қилишича, шарқий чегарани мустаҳкамлаш учун тахминан 10 миллиард евро ажратилган.
“Шарқий қалқон” дастурига 2024-йилда старт берилган эди. Полша Мудофаа вазирлиги раҳбарининг айтишича, икки йил ичида Полша қўшинлари чегаранинг кўплаб ҳудудларида дастлабки оператив тайёргарлик ҳолатига эришади. Аввалроқ Полшада доимий АҚШ ҳарбий базасини ташкил этиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди.

