Пол Погба инқирози: Истеъдодли ярим ҳимоячи қандай қилиб ўз фаолиятини барбод қилгани ҳақида

**Пол Погба инқирози: Истеъдодли ярим ҳимоячи ўз фаолиятини қандай барбод қилди?**
Франсиялик ярим ҳимоячи Пол Погба футболчилик фаолиятини якунлаш арафасида. "Монако" клуби у билан шартномани бекор қилди.
"Натижа кутганимиздек бўлмади", — дея "Монако" бош директори Тиагу Скуру Погбанинг Лазур қирғоғидаги фаолиятига якун ясади. Пол билан шартнома муддатидан олдин бекор қилинди. Жароҳатлар серияси ва деярли ўйин амалиётисиз ўтган даврдан сўнг 33 ёшли футболчининг бирор тузукроқ клубдан таклиф олиши жуда катта сўроқ остида.
Бу вазият Погбанинг фаолиятига якуний хулоса ясаши мумкин. Бир пайтлар у буюк футболчи бўлиши ва "Олтин тўп"ни қўлга киритиши тахмин қилинган эди. Тўғри, Погба Жаҳон чемпиони бўлди, Италия чемпионлигига эришди, Голден Бой совринини қўлга киритди... Аммо тахмин қилинганидек буюк футболчига айлана олмади.
**Позицияни бой бериш**
Ёш ва муваффақиятга чанқоқ Погба Манчестерни тарк этиб Туринга келганида, унинг майдондаги аниқ ролини тушуниш қийин эди. Италия майдонларида бу йигит ўз жарима майдончаси ёнида тўпни олиб қўйиб, бир неча сониядан сўнг рақиб дарвозасига узоқдан зарба бераётганига кўп гувоҳ бўлиш мумкин эди. Ёки аксинча — майдон марказида сустроқ ҳаракат қилиб, тўпни қабул қилади-да, қанотга аниқ диагонал узатмани амалга оширади. Бу Полнинг уникаллигини кўрсатарди — у ҳамма позицияда ўйнай оларди.
Бўйи 191 см бўлишига қарамай, Погба кўпчилик вингерлардан кўра нафисроқ ҳаракат қилар, "бирга-бир" вазиятда рақибни осонгина алдаб ўтар ва тезкор футболчи эди. Бундан ташқари, яккакурашларда ўзини эркин ҳис қилар ва иккинчи темпда ҳужумга жуда яхши қўшиларди. 2014-йилги Жаҳон чемпионатидаёқ уни сомплете мидфиелдер — мукаммал ярим ҳимоячи деб аташган.
Аммо нега айнан ўша Турин давридаги Погба унинг фаолиятидаги энг яхшиси бўлиб қолди? Гап фақат мотивация ва мустаҳкам соғлиқда эмас. Пол майдон марказида Пирло, Видал ва Маркизио каби ўз ишининг усталари билан ўйнаган. Бу тор доирадаги мутахассислар вазифаларни ўзаро тўғри тақсимлаб, ёш иқтидорни ўзи хоҳлаганича ижод қилишга имкон беришарди. Қолаверса, қанотларда ҳар доим пасни қабул қилишга тайёр бўлган динамик латераллар меҳнат қиларди. Ўйинга қараб Конте, сўнгра Аллегри тактикани ўзгартирарди, аммо франсиялик ёш йигит атрофида шунчалик кўп футбол интеллекти ва функсионаллик жамланган эдики, у фақат ўзига ёққан нарса — футболдан завқ олиш билан шуғулланарди.
Ўша Погбани 30 метрлардан йўллаган зарбалари, рақибларни кутилмаганда чаққонлик билан ортда қолдирадиган узун оёқлари ва тривела усулида берган эффектли узатмалари орқали эслаб қолишган. Аммо "Ювентус"да у ҳужумнинг ҳар бир фазаси учун жавоб бериши талаб этилмасди. Пирло плеймейкерликни ўз зиммасига олар, Видал қора ишларни бажарар, Маркизио эса балансни ушлаб турарди. Шу билан бирга, ўшандаёқ бир жиҳат бор эди: Погба деярли ҳамма нарсани қила оларди, лекин 90 дақиқа давомида ўйинни бошқара олмасди — у биринчи навбатда "ҳайлайтлар" (ёрқин лаҳзалар) ўйинчиси эди. Бу ҳақда Аллегри ҳам очиқ айтиб, Пол бутун 90 дақиқа давомида ўйиндан узилиб қолмасликни ўрганиши кераклигини таъкидлаган.
Бу камчилик 2016-йилдан кейин, у ўша давр учун АПЛнинг рекорд суммаси эвазига "Манчестер Юнайтед"га қайтганида ўз таъсирини кўрсатди. Аввалроқ тактик таҳлилчилар Жозе Моуринюнинг одатий 4-2-3-1 схемаси у учун ноқулай бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиришган эди. "Ювентус"да Погба учликнинг чап марказий ярим ҳимоячиси ролида энг яхши ўйинини кўрсатган бўлса, жуфтликда ундан мутлақо бошқача тартиб-интизом талаб этиларди. Очиқроқ айтганда, унинг ортини ёпадиган ҳеч ким йўқ эди.
Моуриню ҳамма усулни синаб кўрди: Погба таянч ҳудудида ўйнади, "ўнлик" позициясига кўтарилди, 4-3-3 да чапда эркинлик олди, лекин ҳар бир рол унинг муҳим устунликларидан бирини тортиб оларди. Таянчда ҳимояланишда консентрация етишмасди, ҳужумга яқинлашганда дриблинг ва узоққа узатмалар учун жой йўқоларди, марказий ярим ҳимоячилар учлигида эса унга баланс етишмасди — ҳаддан ташқари ҳужумга оғиб кетарди. Буларнинг барчасига ўша даврдаги "МЮ"нинг фундаментал муаммолари ҳам қўшилди. "Олд Траффорд"да Погба келиб, ўз иқтидори эвазига ҳамма муаммони ҳал қилади деб кутишганди, аммо амалда бундай бўлиб чиқмади.
**Мотивациянинг йўқолиши**
2016-йил 9-октабр куни, Нидерландияга қарши Жаҳон чемпионати саралаш ўйинидан бир кун олдин Дидье Дешамнинг ёрдамчиси Ги Стефан Полни бир четга тортиб, очиқчасига тушунтирди: штаб унинг терма жамоада баъзида гўё кўча футболида ўйнаётгандек ҳаракат қилишидан чарчаган. Ортиқча финтлар, тўпни оёқ остида тўхтатиш, оддий пас бериш мумкин бўлган жойда алдаб ўтишга уриниш ва шунчаки техник жиҳатдан уддалай олгани учунгина оддий эпизодга ортиқча ҳаракат қўшиш... Погбадан ўйинини ортиқча нарсалардан тозалаш ва ўзининг ажойиб узоқдан берадиган зарбаларидан тез-тез фойдаланиш сўралди. Эртасига кечқурун у Нидерландияга деярли 30 метрдан зарба йўллаб, ягона ва ғалаба тўпини киритди.
Аммо бир марталик суҳбат етарли бўлмади: кейинги йиғинларда Пол яна эски одатларига қайтди. Дешам ва Стефан ойлаб уни оддий бир ҳақиқатга ишонтиришига тўғри келди: ҳар бир эпизодни ўз суперқобилиятини намойиш қилишга айлантириш шарт эмас.
Погбанинг яна бир муаммоси айнан шунда эди ва бу Моуриню, жамоадошлари ёки "МЮ" тузилмасидан кўра кўпроқ унинг ўзига боғлиқ эди. Пол тўп билан мўжиза ярата олишини жуда эрта англаб етди ва бу ҳолат баъзида майдонда энг оқилона қарорни қабул қилишига халақит берарди. Пол ўзида мавжуд бўлган сифатларга ҳаддан ташқари ишониб юборди ва айнан шу сабабли унинг тўпни йўқотишлари алоҳида ғазаб уйғотарди — томошабин ҳозиргина Погба бир ҳаракат билан икки рақибни ортда қолдирганини кўрган бўлса, бир дақиқадан сўнг унинг ўз жарима майдончаси ёнида энг оддий вазиятда тўпни бой берганига гувоҳ бўларди. Погба майдонда руҳий жиҳатдан беқарор ўйин кўрсатарди.
Бу кўплаб танқидларга сабаб бўлди. Баъзида танқидлар холисликдан узоқлашиб, унинг соч турмаклари, рақслари ва ижтимоий тармоқдаги гап-сўзларига йўналтирилар эди, аммо киборлик ва майдонда бор кучини бермаслик бўйича эътирозлар бежиз пайдо бўлмаганди. Моуринюнинг ўрнини эгаллаган Сулшер Полнинг энг яхши версияси у самарали ҳаракат қилганида пайдо бўлишини такрорларди. Мураббий индивидуалликдан воз кечишни сўрамади ва таваккал қилишни тақиқламади, лекин чегараларни аниқ белгилаб берди — ўзингни жамоа тузилмаси ичида кўрсатишинг керак.
2018-йилги Жаҳон чемпионати олдидан Пол Моуриню билан муносабатлари ёмонлаша бошлаган мураккаб мавсумдан сўнг терма жамоага келди. Мусобақага оз қолганда у Италияга қарши ўйинда ишончсиз ҳаракат қилди, аммо Дешам барибир унга ишонишда давом этди. Март ойида, Россияга қарши ўртоқлик ўйинида мураббийлар штаби кутган ўша Погбани кўриш мумкин эди: 4-3-3 да ўнг марказий ярим ҳимоячи сифатида ўйнаб, у тўпга 72 марта тегинди ва 56 та узатмани амалга оширди (майдондаги энг яхши кўрсаткич). Алдаб ўтишга камроқ интилди ва ўйинни гол ҳамда голли узатма билан якунлади. Бир ойдан сўнг эса биз буюк бўлиши мумкин бўлган ўша Погбани кўрдик. Пол ҳақиқатан ҳам яхши эди, жумладан ментал етакчи эди, аммо яна ўша гап — у атроф-муҳит туфайли очилди: Канте имкони бор ҳамма нарсани тозалар, ёнида кўп қиррали Матюиди меҳнат қилар, Гризманн эса "ўнлик" вазифасини ўз зиммасига оларди.
Муаммо шундаки, бу фақат бир марталик чақнаш эди, шундан сўнг Погбада АПЛдаги сарсон-саргардонлик давом этди. Погбанинг миясини узоқ муддатга қайта дастурлашни ҳеч ким уддалай олмади. Ёшлигиданоқ Пол фавқулодда жисмоний ва техник имкониятлари ҳар қандай номукаммал қарорни тўғрилашга имкон беришига кўникиб қолган эди, шу сабабли оқилоналик у учун ривожланишнинг кейинги босқичи эмас, балки чекланиш сифатида қабул қилинди. Энг яхши ярим ҳимоячилар вақт ўтиши билан майдонда камроқ кўзга ташланадиган ишларни қила бошлайдилар, чунки улар вазиятни вақтлироқ тушунишади ва қарорни тезроқ қабул қилишади. Погба бу мантиқни охиригача ўзлаштирмагандай эди. Ижодкор инсонларда шундай бўлади — нимадир ўхшамаса, мотивацияни йўқотишади.
**Ишончни бой бериш**
Кейин эса соғлиқ билан боғлиқ муаммолар бошланди. Аввалига тўпиқ жароҳати сабаб Пол 2019/20-йилги мавсумнинг катта қисмини ўтказиб юборди ва якунда операция қилинди. Кейин 2021-йилда соннинг орқа мушагидаги жиддий жароҳат уни деярли уч ойга сафдан чиқарди, шундан сўнг "МЮ"даги охирги мавсуми тугашига яқин яна бир жароҳат олди. Бу вақтга келиб Погба ўз фаолиятини деярли барбод қилган ва дунёнинг энг яхшиларидан бири бўлиш умидларини кўмиб бўлган эди. У Евро-2020 дагидек вазиятга қараб чақнаб туриши мумкин эди, аммо ҳамма бу шунчаки қисқа муддатли чақнашлар эканини тушунарди.
2022-йил ёзида "Ювентус"га қайтиш таниш муҳитда фаолиятини қайта йўлга қўйиш учун охирги имконият эди, аммо ҳаммаси жуда ачинарли якун топди. Мавсум олдидан ўтказилган биринчи турнедаёқ Погба жароҳат олди: аввалига Жаҳон чемпионатида ўйнаш имкониятини сақлаб қолиш учун операциясиз даволанишга уринди, кейин барибир жарроҳлик столига ётди ва якунда мусобақани ўтказиб юборди. Кейин сон мушаклари жароҳатланди ва яна футболсиз узоқ муддат ўтди. 2023-йил май ойида Аллегри мавсумда илк бор Полни А Серия ўйинида асосий таркибга киритди, аммо 23-дақиқадаёқ у сонининг орқа қисмини ушлаб, майдонга ўтириб олди. Жароҳат яна қайталлаганди.
Сурункали жароҳатлар Погбанинг ишончини аста-секин синдирди. "Ювентус"га иккинчи қайтишидан сўнг у А Серияда бор-йўғи 160 дақиқа ўйнади. Допинг истеъмол қилгани учун берилган дисквалификация эса охирги нуқта бўлди. 2023-йил август ойида "Удинезе"га қарши ўйиндан сўнг стероидлар учун мусбат чиққан тест аввалига уни 4 йилга футболдан четлаштиришга олиб келди, кейинроқ САС модда озуқавий қўшимча орқали бехосдан истеъмол қилингани ҳақидаги талқинни қабул қилиб, муддатни 18 ойга қисқартирди. Аммо муҳими шундаки, бу вақтга келиб Погба шундоқ ҳам бир йилдан ортиқ вақт давомида деярли ўйнамаганди.
"Монако"даги даврни муҳокама қилишдан маъно йўқ — жароҳатлар сабаб бу давр асли бўлмади деса ҳам бўлади. Ахир Погба бир неча йил давомида ҳақиқатан ҳам дунёнинг энг яхшиларидан бири эди, аммо буни ҳар куни исботлашга тайёр бўлиб чиқмади, 30 ёшига келиб эса ўз организми унга панд берди. Ҳа, Погбага буюкликка эришишга оддий ўзига бўлган ҳаддан ташқари ишонч халақит берди дейиш жўн туюлиши мумкин. Аммо бу ҳақиқат — худди Полда бу ишонч учун асослар бўлгани каби. ХХИ асрнинг энг мукаммал ярим ҳимоячиларидан бири бўлган Пол Погбанинг фаолиятидаги ёрқин давр жуда қисқа вақт давом этгани афсусланарлидир.

