Покистоннинг Афғонистонга берган авиазарбаси оқибатида уч киши ҳалок бўлди

Покистоннинг Афғонистонга берган авиазарбаси натижасида уч киши ҳалок бўлди
Покистон қўшинларининг Афғонистон шимоли-шарқидаги Кунар вилоятига берган авиазарбаси оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди. Яна бир неча киши жароҳатланди.
Tolo News хабарига кўра, зарба Нургал туманига берилган. Бир аёл ва икки эркак ҳалок бўлган, яна икки аёл ва икки эркак яраланган. Пактика вилоятида уй ва дўкон ҳужумга учраган, бироқ у ерда ҳеч ким ҳалок бўлмаган ва жабрланмаган.
Толибон вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Покистон ҳарбийларининг ҳаракатларини қоралади ва уларга «муносиб жавоб» берилишини маълум қилди.
Авиазарба Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилояти Коҳат шаҳридаги полиция маҳкамасига қилинган ҳужумдан икки кун ўтиб содир бўлди. Ўшанда худкуш террорчи миналанган автомобилда маҳкама деворига бориб урилган, шундан сўнг унга ҳамроҳлик қилган қуролли шахслар ўт очган эди. 31 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳатланган эди.
Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари келтирилмаган. Покистон расмийлари авиазарба ҳақидаги маълумотга изоҳ бермади.

