Сиёсат

Покистон армияси бош қўмондони Эрон билан музокаралар учун Теҳронга боради — Реутерс

Реутерс хабарига кўра, Покистон армияси бош қўмондони Асим Мунир 24-август, душанба куни Теҳронга ташриф буюради. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоийнинг маълум қилишича, ушбу ташриф минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Агентликка Покистон ҳукуматининг икки манбаси Мунирнинг Теҳронга ташрифини тасдиқлаган. Улардан бирининг сўзларига кўра, Эрон ва Покистон ўртасида тўғридан-тўғри алоқа мавжуд. Иккинчи манба эса музокараларда минтақадаги можарога оид сўнгги воқеалар, жумладан, АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эронга қарши янада қаттиқ санксиялар жорий этиш таҳдиди ҳам муҳокама қилинишини билдирган.

Манбанинг таъкидлашича, Мунир Эрон раҳбарияти билан Исломободнинг англашув меморандуми доирасидаги тинчлик масалалари, Трампнинг огоҳлантириши, Покистон—Туркия—Саудия Арабистони келишувидан кейинги вазият ҳамда ҳусийлар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилади.

Мунирнинг ташрифи Эрон ва АҚШ ўртасидаги кескинлик кучайган бир пайтга тўғри келмоқда. Теҳрон АҚШ томонидан режалаштирилаётган санксияларга жавобан ҳарбий чоралар кўриш эҳтимоли ҳақида огоҳлантирмоқда.

АҚШ расмийлари душанба куни Эронга қарши режалаштирилаётган янги санксиялар тафсилотларини эълон қилиши кутилмоқда. Вашингтон бу чораларни “тарихдаги энг қаттиқ санксиялар” деб атаган. Доналд Трамп Эронни халқаро миқёсда яккалашга уринаётган бир пайтда, Теҳронга “ҳар қандай ёрдам” кўрсатадиган давлатлар иқтисодий оқибатларга дуч келиши ҳақида огоҳлантирганди.

Айни пайтда Эрон иқтисодиёти санксиялар босими остида қолмоқда. Ҳормуз бўғозида нефт ташиш билан боғлиқ вазият ҳам кескинлашган. Теҳрон стратегик сув йўлидан рухсациз ўтишга уринадиган ҳар қандай нефт танкерига зарба бериш билан таҳдид қилмоқда. Шу сабабли Ҳормуз бўғози орқали нефт ташиш деярли тўхтаб қолган.

Покистон сўнгги вақтларда Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокараларда воситачилик ролини ўз зиммасига олган. Мунирнинг Теҳронга ташрифи ҳам ушбу дипломатик саъй-ҳаракатларнинг давоми сифатида кўрилмоқда.

Эрон президенти Масъуд Пезешкиён АҚШ билан урушни ҳозир, мамлакат кучли позицияда турган пайтда якунлаш кераклигини айтганди. Пезешкиён АҚШнинг Эрондаги мактаблар, шифохоналар ва инфратузилма обьектларига зарба берганини тилга олиб, бу ҳаракатлар Вашингтоннинг халқаро майдондаги обрўсига зарар етказганини айтган. Шу билан бирга, у урушни тугатиш истаги Эроннинг ҳарбий босим олдида чекинишини англатмаслигини, Теҳрон янги ҳужумларга жавоб қайтаришга тайёр эканини билдирган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.