«Пои Калон» мажмуасини реставрация қилиш режалаштирилмоқда
Ўзбекистон ва ЮНЕСКО Бухородаги “Пои Калон” меъморий мажмуасини реставрация қилиш ҳамда “Шаҳристон” ҳудудида очиқ осмон остидаги археологик музей ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди.

«Пои Калон» мажмуасини реставрация қилиш режалари илгари сурилмоқда
ЮНЕСКО ҳузуридаги Ўзбекистоннинг доимий вакили Камол Мухторов ташкилотнинг Бутунжаҳон мероси маркази директори Лазар Элунду Ассомо билан учрашув ўтказди.
Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг маданий мерос обьектларини ҳимоя қилиш ва асраб-авайлаш йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда Бухородаги “Пои Калон” меъморий мажмуасини реставрация қилиш ҳамда “Шаҳристон” ҳудудида очиқ осмон остидаги археологик музей ташкил этиш режаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, жорий йилнинг май–июн ойларида Бухорода фаолият юритган халқаро экспертлар миссиялари натижалари кўриб чиқилиб, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинди.
Бутунжаҳон мероси маркази директори Лазар Элунду Ассомо 26-июл куни Пусанда бўлиб ўтган Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 48-сессиясида Тошкентдаги модернистик архитектура обьектлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилганини ҳам таъкидлади.
У Ўзбекистонни ушбу воқеа билан яна бир бор табриклаб, бу мамлакатнинг бой ва ранг-баранг маданий меросини сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан далолат беришини қайд этди.

