Маҳаллий

Пластик ва шиша бутилкалар учун мажбурий депозит тизими жорий этилиши мумкин

Таклиф этилаётган тартибга кўра, истеъмолчи ичимлик харид қилганда идиш учун белгиланган депозит суммасини ҳам тўлайди

Пластик ва шиша бутилкалар учун мажбурий депозит тизими жорий этилиши мумкин

Янги тартибга кўра, харидорлар ичимлик идишларини қайта ишлашга топшириб, улар учун тўланган депозит маблағини қайтариб олишлари мумкин бўлади

Ўзбекистонда пластик ва шиша бутилкалар, шунингдек, алюминий банкалар учун мажбурий депозит тизимини жорий этиш таклиф қилинди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Искандар Қутбиддинов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида маълум қилди, деб хабар бермоқда Спот.

Ушбу ташаббус «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш доирасида илгари сурилган.

Таклиф этилаётган тартибга биноан, истеъмолчи ичимлик сотиб олаётганда идиш учун белгиланган депозит суммасини ҳам тўлайди. Бўш идишни махсус қабул қилиш нуқтасига топширгач, шу маблағни қайтариб олади.

Қутбиддиновнинг айтишича, ҳозирда бундай чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси атиги 6,2 фоизни ташкил этмоқда. Янги тизим аҳолини чиқиндиларни саралашга ундаш ва атроф-муҳит ифлосланишини камайтиришга қаратилган.

Маълумотларга кўра, 2025 йилда мамлакатда 15,1 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлган. Уларни саралаш кўрсаткичи эса 5,2 фоиздан ошмаган.

Эслатиб ўтамиз, сентябр ойида Ўзбекистонда ичимлик идишларини қабул қилувчи махсус фандоматлар бўйича синов лойиҳаси ишга туширилган эди. Унга кўра, фуқаролар пластик, шиша ва алюминий идишларни топшириб, ҳар бири учун 150 сўмдан олишлари мумкин.

Мазкур лойиҳа Чиқиндиларни бошқариш агентлиги ва Норвегиянинг ТОМРА компанияси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Ҳозирча мажбурий депозит тизимини жорий этиш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган. Таклиф маъқулланса, ишлаб чиқарувчилар ва савдо ташкилотларига зарур инфратузилмани яратиш учун ўтиш даври берилиши кўзда тутилмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.