“Писта одамни бой қилади” – тошлоқлиқ боғбон
Абдуҳошим Маҳмудалиев Тошлоқ тумани Яккатут қишлоғидан. У хонадонида писта кўчати етиштиради. Икки гектар майдонда ҳосилга кирган 500 тупдан ортиқ писта дарахти бор. “Ҳар бир хонадонга 20-30 тупдан писта экилса, даромади хонадоннинг бир йиллик харажатларни тўлиқ қоплайди”, дейди ёш боғбон.

“Писта одамни бой қилади”, дейди Тошлоқ туманининг Яккатут қишлоғида яшовчи боғбон Абдуҳошим Маҳмудалиев. У ўз хонадонида писта кўчатлари етиштиради ва икки гектар майдонда 500 дан ортиқ ҳосилга кирган писта дарахтига эга. Ёш боғбоннинг фикрича, “ҳар бир хонадонга 20-30 тупдан писта экилса, даромади хонадоннинг бир йиллик харажатларини тўлиқ қоплайди”.
Боғбоннинг таъкидлашича, писта дарахти тупроқ танламайди. Унинг илдизлари сув излаб ер остига 10 метргача чуқурликка кириб бориши мумкин.
“Кўриб турган писта дарахтингиз 12 ёшда. Тахминан 30-35 кг атрофида ҳосили бор. Пистанинг афзаллиги шундаки, унинг нархи қишин-ёзин тушмайди. У -40° дан +60° гача ҳароратга чидайди. Энг муҳими, у ер танламайди – адир, тошлоқ, зах ерларда ҳам мева бераверади. Ҳар бир хонадонга 20-30 тупдан экилса, даромади оиланинг бир йиллик харажатларини тўлиқ қоплайди”, дейди Маҳмудалиев.
Писта дарахти учун алоҳида мутахассис чақириб кесиш, териш ёки дори сепиш шарт эмас. Фақат йилига икки марта тагига минерал ўғит солиш кифоя. Сув танқис бўлса ҳам дарахт қуриб қолмайди ва ҳосил бераверади, чунки унинг илдизлари жуда узун бўлиб, ер ости сувларига етиб боради. Шу сабабли у қуримай яшайди.
Март ойида гуллайдиган дарахтлардан фарқли ўлароқ, уларнинг меваларини совуқ уриши мумкин, писта апрел ойида гуллайди. Бунинг сабаби шундаки, пистанинг ғунчаси қалин ва қаттиқ бўлиб, атрофида кўп пўстлоқ бўлади. Апрел ойида, барча совуқлар қайтиб, ҳақиқий баҳор бошланганда, писта гуллайди.
Яна бир қизиқ маълумот: барча дарахтлар, масалан, узум, нок, олма, олхўри каби ўзини-ўзи чанглатиш хусусиятига эга. Лекин хандон писта икки хил навга эга бўлади: мева берувчи ва уни чанглатувчи. Урғочи писта ёнида эркак писта дарахти бўлмаса, ҳосил олиш мумкин эмас. Битта эркак саккизтагача урғочи пистани чанглатади. Пистанинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам апрел ойида гуллайди. Эркак писта урғочисини чанглатгандан сўнг гулларини тўкиб юборади.
Авваллари писта дарахти фақат тоғда, тошда ўсади деб тушунилган. Лекин ҳозир кўриб турганингиздек, тупроқли ерда, сариқ, қора тупроқ, ҳар қандай ерда ҳам ўсяпти.
Боғбоннинг айтишича, улар икки гектар ўрик боғини бузиб ташлаб, писта боғи яратишган. Етти-саккиз йилдан бери Эрондан уруғини олиб келиб, кўчат етиштиришни ҳам йўлга қўйишган. Улар кўплаб вилоятларга, туманларга кўчат етказиб беришмоқда ва боғлар ташкил қилиб беришмоқда.
Писта кўчатини феврал ойида эксангиз, саратонгача танаси етилиб, иссиққа бардош беради. Август ойида экилган кўчат эса кузнинг қуёши билан таналари етилиб, чиниқиб қишга тайёр бўлиб киради. Кўчатларнинг нархи: бир ёшлиги 35 000 сўм, икки ёшлиги 45 000 сўм, уч ёшлиги 65 000 сўм. Шу кунларда шу нархда сотилмоқда.
Пистанинг Акбарий, Аҳмадий, Чемпион, Хандон деган навлари бор. Улар етиштираётган нав Акбарий бўлиб, боғбоннинг сўзларига кўра, “Акбарий – бозорда энг баланд нархдаги нав”.

