Маҳаллий

Пискентда ҳар бир одамни камбағалликдан чиқаришга 250 миллион сўм кредит тўғри келмоқда

Ўтган уч йилда маҳаллалардаги тадбиркорлик лойиҳаларига 314 триллион сўм ресурс ажратилди. Лекин кредитларнинг камбағалликни қисқартиришга таъсири барча туманда бирдек сезилмаяпти, деди президент Шавкат Мирзиёев 3-сентабр кунги йиғилишда.

Пискент туманида ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш учун 250 миллион сўм кредит ажратилмоқда.

Йиғилишда ажратилган кредит ресурсларининг самарадорлиги туманлар кесимида қиёсий таҳлил қилинди.

Ўтган даврда Шароф Рашидов ва Қарши туманларига бир хил миқдорда – 2 триллион 300 миллиард сўмдан кредит ресурси берилган.

Шароф Рашидов туманида ушбу маблағ ҳисобидан 30 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилган бўлиб, бу бир кишига ўртача 78 миллион сўм тўғри келган. Қарши туманида эса 13 минг эҳтиёжманднинг шароити яхшиланиб, бир кишига ўртача 176 миллион сўм сарфланган.

Қамаши ва Пискент туманларига 1 триллион 100 миллиард сўмдан кредит берилган. Қамашида 28 минг, Пискентда эса атиги 4,5 минг камбағал аҳоли бу тоифадан чиқарилган.

Ғузор, Нишон, Муборак, Янгиқўрғон, Тойлоқ, Бойсун, Олтинсой, Бандихон, Бешариқ, Фарғона туманлари ҳамда Нурафшон, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ҳам шундай ҳолат кузатилаётгани таъкидланди.

Пискентда ҳар бир одамни камбағалликдан чиқаришга 250 миллион сўм кредит тўғри келаётгани айтилди. Ҳолбуки, бошқа ҳудудда шунча пулга саноатда юқори даромадли доимий иш ўрни яратилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев айрим ҳудуд раҳбарлари қўлидаги тайёр ресурслардан самарали фойдаланиб, одамларни ишли қилишга билими ёки тоқати етмаётганини танқид қилди.

Улар замонавий иқтисодиётдаги тебранишлар ва тезкор ўзгаришларни тўғри англамаётгани кўрсатиб ўтилди.

Ҳудудларда сўнгги бир йилда ташкил қилинган 86 минг кичик корхонадан 15 мингтаси, яъни 17 фоизи фаолиятини тўхтатган.

Банкдан кредит олиб, бизнесини юргиза олмаган 62 минг аҳоли кредитни қайтаришга қийналаётгани қайд этилди.

Бунинг сабаби сифатида атиги 1 мингта маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири “лойиҳавий ёндашув” асосида ишлашни билиши кўрсатилди.

Ўзбекистонда эҳтиёжманд аҳоли сони 1,5 миллионгача камайди, дея таъкидлади Президент.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.