Пентагон Anthropic компаниясини қора рўйхатга киритганидан бир неча ой ўтиб, унинг сунъий интеллект воситаларидан фойдаланишни тўхтатди, деб хабар берди BBC
Жорий йилнинг бошида ушбу компания «таъминот занжири учун хавф» деб таснифланган эди, бироқ бир нечта манбаларнинг таъкидлашича, яқинда Anthropic компаниясининг Claude моделидан кенг кўламда фойдаланилган.

Пентагон компанияни қора рўйхатга киритганидан бир неча ой ўтиб, Anthropic сунъий интеллект воситаларидан фойдаланишни тўхтатди, деб хабар берди BBC
Мудофаа вазири Пит Хегсет Anthropic раҳбари Дарио Амодеини оммавий равишда танқид қилди
АҚШ Мудофаа вазирлиги Anthropic компаниясини миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан таъминот занжири учун хавф деб таснифлаганидан бир неча ой ўтиб, унинг сунъий интеллект воситаларидан фойдаланишни тўхтатди, деб маълум қилди вазирлик расмийси BBC’га.
Пентагон "Anthropic маҳсулотларидан фойдаланишни тўхтатди", деди департамент расмийси ўз баёнотида.
Мудофаа вазири Пит Хегсет февраль ойида Anthropic’ни таъминот занжири учун хавф деб атаган ва Пентагон август ойи охиригача ундан фойдаланишни тўхтатишини айтган эди.
Бироқ, вазиятдан хабардор бир неча кишининг BBC’га маълум қилишича, яқин-яқингача, ҳатто ўтган ҳафтада ҳам Anthropic’нинг Claude модели департамент томонидан тадқиқот, таҳлил ва разведка маълумотларини йиғиш, шунингдек, Эронга қарши ҳарбий операцияларда қўлланилган.
Уларнинг сўзларига кўра, бу модел улкан ҳажмдаги маълумотларни саралашда муҳим восита сифатида кўрилган. Ушбу манбалар қаторига АҚШ мудофаа тизимининг собиқ мулозимлари ва Пентагон билан айнан сунъий интеллект йўналишида яқиндан ҳамкорлик қилган пудратчилар киради.
Anthropic вакили Пентагон баёноти ҳақидаги саволга изоҳ беришдан бош тортди.
Мудофаа вазирлиги Anthropic воситаларидан фойдаланишни бутунлай тўхтатгани ҳақидаги тафсилотлар илгари хабар қилинмаган эди.
Anthropic маҳсулотларидан АҚШ ҳукумати ва ҳарбийлари 2024 йилдан бери фойдаланиб келаётган эди ва у махфий ишларни амалга оширувчи давлат идораларида ўз воситалари жорий этилган биринчи илғор сунъий интеллект компанияси бўлганди.
Бироқ шу йил бошида Пентагон компанияни Claude моделидан хавфсизлик чекловларини олиб ташлашга ва ҳарбийларга ўз сунъий интеллект воситаларидан чекланмаган ҳолда фойдаланиш имкониятини беришга чақирди.
Anthropic оммавий кузатув ва автоном қуроллардан хавфсирашини рўкач қилиб бундан бош тортганида, Хегсет компанияни "миллий хавфсизлик таъминоти занжири учун хавф" деб эълон қилди — бу қонуний мақом одатда АҚШ учун таҳдид деб ҳисобланган мамлакатларда жойлашган компанияларга нисбатан қўлланилади.
Антҳропис бу қадамни "мисли кўрилмаган ва ноқонуний" деб атади ва ушбу мақомни бекор қилиш мақсадида Трамп маъмуриятини судга берди.
Судда ҳуқуқий кураш давом этаётган бир пайтда, Пентагон бошқа йирик технологик компаниялар, жумладан Google, xAI ва OpenAI билан шартномалар имзолади.
Мудофаа вазирлигида сунъий интеллектдан фойдаланиш билан таниш бўлган икки кишининг сўзларига кўра, сўнгги ойларда айрим ҳарбий департаментларда OpenAI воситалари кенгроқ жорий этилган.
Пентагоннинг душанба куни BBC’га берган баёноти бир неча киши ўз интервьюларида Claude сўнгги ҳафталарда ҳам кенг қўлланилганини айтганидан кейин янгради.
Бир нечта манбаларнинг таъкидлашича, у Пентагон томонидан қўлланиладиган Maven Smart System деб номланган йирикроқ маълумотлар платформасига интеграция қилинган бўлган.
Palantir компанияси томонидан бошқариладиган Maven тизими Пентагоннинг разведка ва бошқа маълумотларни тизимлаштириш учун асосий платформаси ҳисобланади.
Жоржтаун университетининг Хавфсизлик ва истиқболли технологиялар маркази катта таҳлилчиси Лорен Каннинг айтишича, Claude тизими Maven’га чуқур интеграция қилингани сабабли, уни тизимдан тезкорлик билан олиб ташлаш қийин бўлган.
"Пентагонга Claude’дан фойдаланишни бутун тизим бўйлаб тўлиқ тўхтатиш учун шунча вақт керак бўлгани бу нарсалар шунчаки осонгина алмаштириб қўйиладиган восита эмаслигидан далолат беради", деди у.
"Улар тизимга интеграциялашгандан сўнг, уларни олиб ташлаш жуда қийин кечиши мумкин", дея қўшимча қилди АҚШ мудофаа тизимининг собиқ мулозими бўлган Кан.
Трамп яқинда Оқ уйда Anthropic раҳбари Дарио Амодеи билан учрашди
BBC сунъий интеллектга ихтисослашган ва Пентагон билан яқиндан ҳамкорлик қилган ҳарбий пудратчилар, шунингдек, АҚШ мудофаа тизимининг собиқ мулозимлари ва Пентагоннинг сунъий интеллектдан фойдаланиши билан таниш бўлган бошқа шахслар билан суҳбатлашди. Уларнинг бир нечаси оммавий ахборот воситалари билан гаплашишга ваколати йўқлиги сабабли исми сир қолишини сўради.
Хегсет биринчи марта Anthropic’ни давлат тизимидан босқичма-босқич чиқариб ташлашни буюрганида, "Anthropic’дан OpenAI ва бошқа воситаларга ўтиш борасида хавотирлар бор эди", деди АҚШ мудофаа тизимининг собиқ юқори лавозимли мулозими.
Хегсет 27 февраль куни — АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум қилишидан бир кун олдин — Anthropic’дан воз кечиш учун олти ойлик муддат белгилаган эди.
Пентагон ходимлари компания билан боғлиқ "баҳс-мунозаралар давом этган бутун давр мобайнида" Anthropic’нинг Claude воситаларидан, жумладан, унинг кучли Mythos моделларидан фойдаланишда давом этдилар, деди манбалардан бири.
Claude, айниқса, разведка маълумотларини йиғиш ва таҳлил қилиш учун, жумладан, Palantir’нинг Maven тизими орқали ишлатилган, дейди бир нечта манбалар. Мудофаа технологиялари соҳасидаги етакчи фирма бўлган Palantir компаниясига президент Дональд Трампнинг иттифоқчиси, миллиардер Питер Тиль томонидан асос солинган.
Ушбу технология қандай қўлланилишидан хабардор манбаларнинг айтишича, таҳлилчилар ва бошқа мудофаа мулозимлари визуал маълумотларга, жумладан, сунъий йўлдош тасвирлари ва дрон видеоларига кириш ҳамда уларни тизимлаштиришда Maven тизимига таянадилар.
Ушбу маълумотлар кейинчалик эҳтимолий ҳарбий нишонларни аниқлаш каби вазифалар учун Claude ва бошқа йирик тил моделларига юборилган.
Шу йил бошида Palantir томонидан Maven тизимининг тақдимоти намойиш этилган манбанинг сўзларига кўра, мулозимлар қўмондонлик занжири бўйлаб узатиладиган бир саҳифалик қисқа маълумотномаларни тайёрлашда кўпинча ушбу технологиядан фойдаланишган.
Яқинда давлат мулозимлари учун ўтказилган Maven тизимининг ёпиқ тақдимотларида ҳам Claude иштирок этган, деди Maven тизимидан хабардор бошқа бир шахс.
Мудофаа вазирлигида сунъий интеллект йўналишидаги ишларни бошқарадиган Кэмерон Стэнли шу йил бошида Maven тақдимоти чоғида ушбу тизим "бутун департамент бўйлаб" жорий этилганини айтган эди.
Maven тизимидан АҚШнинг айрим иттифоқчилари ҳам Трамп маъмурияти билан разведка маълумотларини алмашиш учун фойдаланади.
Ўтган ҳафта Вашингтонда соҳа етакчилари билан ўтказилган ёпиқ брифингда иштирок этган АҚШ собиқ мулозимининг сўзларига кўра, Мудофаа вазирлигининг амалдаги расмийси Эрон билан урушда разведка маълумотларини алмашишда Maven тизимининг ролини алоҳида таъкидлаган.
Anthropic’нинг Пентагон билан низоси Оқ уй билан муносабатлар яхшиланаётгандек кўринаётган бир пайтга тўғри келди. Трамп ўтган ҳафта Оқ уйда Anthropic раҳбари Дарио Амодеи билан икки марта учрашди.
Трамп ва бошқа технология етакчилари билан учрашувлардан биридан сўнг, Амодеи сунъий интеллект таҳдид соладиган хавф-хатарлардан ҳамон хавотирда эканини айтди.
"Ушбу хавф-хатарларни қандай ҳал қилишимиз ҳали ҳам муҳокама қилинмоқда", деди Амодеи Оқ уйда журналистларга, унинг ёнида Трамп турган бир пайтда, бироқ "агар биз президент билан бирга ишласак, хавфсиз тарзда ғалаба қозона оламиз".
Шундан сўнг Трамп Амодеини мақтаб, уни "ажойиб" ва "ҳайратланарли" деб атади.

