Пенсиянинг кам ёки кўплиги нималарга боғлиқ?
Ўзбекистонда ўртача пенсия қанча? Иш стажи ва расмий даромад пул миқдорига қанчалик таъсир қилади? Масалан, октабр ойида 32 йилдан бери мактабда ўқитувчилик қилиб келаётган шартли Дилмурод Давлетов ва 35 йиллик иш стажига эга Мавлуда Алиева пенсияга чиқади. Уларга тўлов нимадан келиб чиқиб ва қандай ҳисобланади? Бир касбда ёки бир ташкилотда ишлаган икки кишининг пенсияси бир-биридан сезиларли фарқ қилиши мумкинми?

Пенсиянинг миқдори нималарга боғлиқ?
Пенсияга чиққан ёки ёши улғайиб бораётган кишиларнинг кўнглидан "Давлат менга қанча пенсия беради?", "Умрим меҳнатда ўтди, нега пенсиям кам?", ёки "Ҳамкасбим билан бир жойда, бир хил лавозимда ишлаганмиз, нега унинг пенсияси кўпроқ?" каби саволлар ўтиши табиий ҳол.
Хўш, пенсия миқдори қандай ҳисобланади? Қайси даврдаги иш ҳақи инобатга олинади? Иш стажи ва расмий даромад пенсия миқдорига қанчалик таъсир кўрсатади?
Ёшга доир пенсия қандай ҳисобланади?
Ёшга доир пенсия эркакларга 60 ёшга тўлганда ва камида 25 йил иш стажига эга бўлганда, аёлларга эса 55 ёшга тўлганда ва камида 20 йил иш стажига эга бўлганда тайинланади. Шунингдек, агар камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлса, бор стажга мутаносиб равишда тўлиқсиз ёшга доир пенсия берилади. Агар 7 йиллик стаж ҳам бўлмаса, фуқарога ёшга доир нафақа ажратилади (эркакларга 65 ёшда, аёлларга 60 ёшда).
Ўзбекистонда пенсия миқдори қуйидаги формула асосида ҳисобланади: П = ПТМ+ОС+ПУ.
Бунда ПТМ – пенсиянинг таянч миқдори (ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи), ОС – ортиқча иш стажи учун пенсиянинг оширилиши, ПУ – қўшимча устама ҳақлари. Эслатма: ўртача ойлик иш ҳақини аниқлашда фуқаронинг сўнгги 10 йиллик меҳнат фаолиятидаги энг яхши кетма-кет 5 йиллик иш ҳақи инобатга олинади. Бунда пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг (2026-йил 1-июлдан бошлаб – 504 минг сўм) 12 каррасидан (6 млн 48 минг сўмдан) юқори иш ҳақи инобатга олинмайди. Аввалги йиллардаги иш ҳақи ойликларнинг ошиш коеффициентини инобатга олган ҳолда индексацияланади, яъни бугунги кундаги қиймати ҳисобланади.
Масалан, шартли Дилмурод Давлатов 32 йилдан бери Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги мактабда ўқитувчилик қилади. У 1-октабр куни пенсия ёшига тўлади. Ўтган даврдаги энг яхши қаторасига 5 йиллик ўртача ойлик иш ҳақи 4 млн сўмга тенг. Бу маош максимал чегара бўлган 6 млн 48 минг сўмдан ошмайди, шунинг учун ҳисоблашда тўлиқ олинади.
Пенсиянинг таянч миқдори – 4 млн сўмнинг 55 фоизи = 2 млн 200 минг сўм.

