Пенсия учун минимал иш стажи 15 йилгача оширилиши таклиф қилинмоқда – бу нимани англатади?
Пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган минимал иш стажини босқичма-босқич ошириб, 15 йилга етказиш таклиф қилинмоқда. Пенсия жамғармаси мутахассислар Kun.uzga берган интервюсида нима сабабдан минимал стаж дабри узайтирилаётгани, бу пенсия олувчилар учун нимани англатиши ҳақида гапирди.

Пенсия олиш учун зарур бўлган минимал иш стажини 15 йилгача ошириш таклиф қилинмоқда — бу нимани англатади?
Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Аброр Холматовнинг айтишича, пенсия ислоҳоти бўйича тайёрланаётган лойиҳада фуқароларга пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган минимал иш стажини босқичма-босқич кўтариб, 15 йилга етказиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, фуқароларга иш стажини ўзлари мустақил шакллантириш имконияти ҳам яратилмоқда. Хусусан, фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, ижтимоий солиқ тўласа, бу давр унинг иш стажига қўшилади.
“Фуқаролар ҳозирданоқ иш стажини йиғишни мақсад қилиши керак. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, ижтимоий солиқ тўлаш орқали келгусидаги пенсия учун стаж шакллантириш имконияти берилмоқда. Бу механизмни фуқароларни меҳнат стажини олдиндан шакллантиришга рағбатлантирувчи норма сифатида кўриш мумкин”, – деди Холматов.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда пенсия тайинлаш жараёнида минимал стаж билан пенсияга чиқаётганлар улуши ортиб бормоқда. Масалан, 2010-йилда Пенсия жамғармаси ташкил этилган пайтда янги тайинланган пенсияларнинг тахминан 6 фоизи минимал стаж асосида тайинланган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич қарийб 60 фоизга етган.
“Бу фуқароларнинг белгиланганидан юқорироқ иш стажини шакллантириш даражаси пасаяётганини кўрсатади. Бунинг сабабларидан бири — шу пайтгача иш стажини мустақил равишда жамлаш механизмининг етарли даражада мавжуд бўлмагани.
Эндиликда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш ва ижтимоий солиқ тўлаш орқали фуқароларга келгусидаги пенсияси учун иш стажини ўзлари шакллантириш имконияти берилмоқда.
Минимал стаж ҳам бирданига эмас, босқичма-босқич оширилади. Масалан, етти йил талаби кейинчалик саккиз йилга, ундан сўнг тўққиз йилга ва шу тарзда ошириб борилади”, – деди у.
Жамғарманинг яна бир вакили Сардор Файзуллаев эса Халқаро меҳнат ташкилотининг 102-сон конвенсиясида пенсия тайинлаш учун минимал иш стажи 15 йилдан кам бўлмаслиги тавсия этилганини таъкидлади.
“Бу ўзгариш айнан конвенсия талаби сабабли киритилмоқда, дегани эмас. Асосий мақсад — фуқароларни узоқроқ ва расмий ишлашга рағбатлантириш.
Масалан, эркак киши 18 ёшидан меҳнат фаолиятини бошласа ва 60 ёшида пенсияга чиқса, унинг меҳнат фаолияти 42 йилни ташкил этади. Амалдаги етти йиллик минимал стаж талаби қўлланса, бу унинг 42 йиллик меҳнат фаолиятининг атиги 17 фоизига тенг. 42 йил ишлаши мумкин бўлган фуқаро учун етти йиллик стаж талаби жуда кичик улушни ташкил қилади. Бу эса келгусида унинг пенсияси минимал миқдорда қолишига олиб келиши мумкин”, – деди у.

