Пенсия ҳисоблашда олинадиган иш ҳақи даврини 5 йилдан 20 йилга узайтириш таклиф қилинди. Бу нимани англатади?
Пенсия ислоҳоти лойиҳасига кўра, пенсия тайинлашда ҳисобга олинадиган иш ҳақи даврини босқичма-босқич кенгайтириш таклиф этилмоқда. Пенсия жамғармаси мутахассислари Kun.uzga берган интервюсида бу ўзгариш фуқароларнинг меҳнат фаолиятидаги юқорироқ даромад олган даврларини ҳам пенсия ҳисоб-китобига киритиш имконини беришини таъкидлади.

Пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақи даврини 5 йилдан 20 йилга чўзиш таклиф этилди. Бу нимани англатади?
“Энг юқори ойлик олинган давр ҳам қамраб олинади”
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, фуқарога пенсия тайинлашда иккита асосий мезон — иш стажи ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисобга олинади. Пенсиянинг базавий миқдори ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи сифатида белгиланади.
Ҳозирги тартибга кўра, пенсияга чиқаётган фуқаронинг охирги 10 йиллик меҳнат фаолиятидаги энг яхши узлуксиз беш йиллиги ўртача иш ҳақини ҳисоблашда олинади.
Таклиф қилинаётган тартибнинг асосий мақсади — фуқаронинг меҳнат фаолиятидаги юқори даромадли даврларини ҳам пенсия ҳисоб-китобига киритиш.
Таҳлилларга кўра, фуқароларнинг даромади одатда 35–50 ёш оралиғида юқорироқ бўлади. Амалдаги тартибда эса охирги 10 йилликдаги энг яхши беш йил ҳисобга олиниши сабабли, фуқаронинг 50–60 ёшдаги даври ҳам ушбу ҳисоб-китобга тушиб қолиши мумкин. Бу даврда иш ҳақи аввалги йилларга нисбатан пастроқ бўлиш эҳтимоли юқори.
Шу боис таклиф этилаётган тизимда ҳисобга олинадиган давр 20 йилгача босқичма-босқич кенгайтирилади. Натижада фуқаронинг юқорироқ иш ҳақи олган даврлари ҳам пенсия ҳисоб-китобига киради.
Бу ўзгариш бирданига 20 йилни ҳисобга олишни англатмайди. Давр ҳар йили бир йилга узайтириб борилади. Масалан, ҳозирги беш йил ўрнига кейинги босқичда олти йил, ундан кейин етти йил ва шу тарзда 20 йилгача ошириб борилади.
“20 йилга босқичма-босқич борилади”
Бу жараён босқичма-босқич амалга оширилади. Яъни келаси йилнинг ўзида 20 йиллик иш ҳақи ҳисобга олинмайди. Ҳар йили ҳисобга олинадиган давр бир йилга узайиб боради.
Натижада 2041-йилларга келиб, 20 йиллик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни ҳисобга олиш имконияти шаклланади.
Бунинг яна бир сабаби — бугунги кунда пенсиялар, жумладан, ёшга доир ва ногиронлик пенсиялари проактив шаклда тайинланмоқда. Фуқаро Пенсия жамғармасига алоҳида мурожаат қилмайди. Пенсия тайинланганида бу ҳақда унинг мобил иловасига хабарнома юборилади.

