Пахтачиликда «Янги агроном» ва «Устоз-шогирд» тизими жорий этилади
Энди илғор фермерлар ҳосилдорлиги паст хўжаликларга устозлик қилади ва улар учун мукофотлар белгиланади

Пахтачиликда «Янги агроном» ва «Устоз-шогирд» тизими жорий этилади
Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 24-сентябрдаги 513-сон қарорига мувофиқ, янги агротехнологиялар асосида пахта ва ғалла етиштириш кўникмасига эга «янги агроном»ларни тайёрлаш ҳамда «устоз-шогирд» тизимларини йўлга қўйиш белгиланди.
«Янги агроном» тизими доирасида Тошкент давлат аграр университети ва қишлоқ хўжалиги соҳасида мутахассис тайёрлайдиган бошқа олий таълим ташкилотларининг тегишли йўналишларида ўқиётган 2- ва 3-босқич талабалари танлов асосида амалиётга жалб этилади.
Танлов олий таълим ташкилотларида ҳар йили камида бир марта ўтказилади. Амалиётни аъло баҳолар билан якунлаган талабалар махсус комиссия томонидан сараланиб, илғор хорижий тажрибани ўрганиш учун хорижий давлатларга юборилади.
«Устоз-шогирд» тизими доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари пахтадан гектарига 50–60 сентнердан юқори ҳосил олаётган илғор агрокластер ва фермер хўжаликларини танловда «устоз» сифатида қатнашишга таклиф этади.
Танлаб олинган ҳар бир «устоз» агрокластер ёки фермер хўжалигига пахта ҳосилдорлиги гектарига 30 сентнердан паст бўлган 20 тагача фермер хўжалиги «шогирд» сифатида бириктирилади.
Ҳосил йили якунида «шогирд» фермер хўжалиги пахтадан гектарига 50 сентнердан юқори ҳосил олса, унга устозлик қилган агрокластер ёки фермер хўжалиги ҳар бир «шогирд» учун 5 млн сўмдан мукофот олади.
«Устоз-шогирд» доирасидаги ишлар Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформаси орқали назорат қилинади.
Шунингдек, «устоз» сифатида танланган агрокластер ва фермер хўжаликлари, шунингдек, уларга бириктирилган «шогирд» фермер хўжаликларининг реестри Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан юритилади.

