Пахта, чорвачилик ва гўшт импорти учун янги субсидиялар ажратилади
Жумладан, 2026-йил 1-октябрдан 2027-йил 1-июнга қадар тадбиркорларга совутилган мол ва қўй гўшти импортида ҳар бир

Пахта, чорвачилик ва гўшт импорти учун янги субсидиялар ажратилади
Президентнинг 2026-йил 28-сентябрдаги ПҚ–354-сон қарори билан аграр соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда таваккалчиликларни бошқариш тизимида бир қатор янги тартиблар жорий этилди. Соҳада субсидияларни натижага боғлаш ва суғурта механизмларини кенгайтириш назарда тутилган. Президентга тақдим этилган маълумотларга кўра, 2026-йилда аграр соҳада 29 йўналиш бўйича 91 турдаги субсидия учун 2,7 трлн сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Қарорга кўра, 2026-йил ҳосилида пахта хомашёсининг ҳар бир тоннаси учун 500 минг сўмдан субсидия берилади. Бунда 4 ва 5-навли пахта ушбу тартибдан истисно қилинади.
Шунингдек, 2026-йилда ўзига бириктирилган ерларда пахта етиштирган пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда улар таъсисчи бўлган корхоналарга ҳар бир гектар учун 1,5 млн сўмдан субсидия ажратилади.
2027–2029 йилларда чорвачилик хўжаликларида асосий майдонларда озуқа экинлари етиштирилган ҳар бир гектар учун йиллик 500 минг сўм субсидия берилиши белгиланди. Бу Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги хулосаси асосида амалга оширилади.
Бундан ташқари, 2026-йил 1-октябрдан 2027-йил 1-июнгача тадбиркорларга совутилган мол ва қўй гўшти импортида ҳар бир килограмм учун 2,5 минг сўмдан субсидия тўланади.
Яна бир янгилик — 2027-йил 1-январдан 2028-йил 1-январгача сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш харажатларининг бир қисмини қоплашда «Натижавий субсидия» тизими синов тариқасида жорий этилади. Бунда субсидия миқдори фақат қилинган харажатга эмас, балки ҳосилдорлик, маҳсулот сифати ва бошқа натижа кўрсаткичларига ҳам боғланади.
Қарор билан қишлоқ хўжалигини суғурталашда ҳам рағбатлантирувчи механизмлар белгиланди. Уч йил давомида суғурта ҳодисаси кузатилмаган хўжаликларга тўртинчи йилдан бошлаб суғурта мукофоти бўйича 10 фоиздан 20 фоизгача чегирма берилади. Шунингдек, суғурта мукофотларининг 3–5 фоизи огоҳлантирувчи тадбирлар захирасига йўналтирилади.

