Пара Осиё ўйинларининг илк кунида Ўзбекистон вакиллари 23 та медал қўлга киритди
19-октабр куни Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳрида В Пара Осиё ўйинлари старт олди. Мусобақанинг дастлабки кунида Ўзбекистон делегацияси вакиллари 6 та олтин, 10 та кумуш ва 7 та бронза, жами 23 та медалга сазовор бўлди ҳамда янги рекордларни ўрнатди.

Пара Осиё ўйинларининг дастлабки кунида Ўзбекистон вакиллари 23 та медални қўлга киритди
Японияда старт олган Айчи-Нагоя-2026 В Пара Осиё ўйинларининг биринчи кунидаёқ ўзбекистонлик пара спортчилар 6 та олтин, 10 та кумуш ва 7 та бронза, жами 23 та медал жамғарди. Медаллар сони бўйича делегация Хитой ва мезбон Япониядан кейин 3-ўринда бормоқда.
Делегация ҳисобидаги илк олтин медални пара велотрекчи Бобур Тоштемиров келтирди. У эркаклар ўртасида 3 км масофага якка таъқиб пойгаси финалида 3:41.263 натижа қайд этиб, Пара Осиё ўйинлари рекордини ўрнатди. Бу Ўзбекистон тарихида пара велоспорт бўйича қўлга киритилган илк олтин медал бўлди.
Пара енгил атлетика мусобақаларида уч нафар ўзбекистонлик энг юқори поғонага кўтарилди. Хусниддин Норбеков (Ф35 класси) ядро улоқтиришда 16,04 метр натижа билан олтин медални олди. Шу йўналишнинг Ф37 тоифасида Қудратилло Маъруфхўжаев 16,66 метр натижа билан олтин медалга сазовор бўлиб, Пара Осиё ўйинлари рекордини янгилади. Шунингдек, аёллар ўртасида Ф32 классида клаб улоқтириш финалида Маҳлиё Акрамова 24,08 метр кўрсаткич билан мусобақа рекордини ўрнатиб, чемпион бўлди.
Пара сузишда С5 классида 50 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида Лолахон Қодирова 37,88 сония билан Осиё рекордини янгилаб, олтин медални қўлга киритди. Эркаклар ўртасида С13 классида 100 метрга эркин усулда сузишда Егор Болотов 52,90 сония натижа билан терма жамоа ҳисобига яна бир олтин медал қўшди.
Мусобақанинг илк кунида ўзбекистонлик 10 нафар спортчи кумуш медал соҳибига айланди. Пара сузишда Мубинабону Халилова (С13 класси, 100 м, эркин), Дмитрий Хорлин (С12, 100 м, эркин), Диас Мирманов (СМ9, 200 м, комплекс) ва Азизбек Бойназаров (С8, 100 м, баттерфляй) маррага иккинчи бўлиб етиб келди.
Пара дзюдочилар Улжон Амриева (Ж1, -60 кг) ва Кемран Нуриллаев (Ж2, -70 кг) ўз вазн тоифаларида финалгача етиб бориб, кумуш медалга эга бўлди. Пара таеквондочилар Фаёзбек Валижонов (К44, -58 кг) ва Умида Мамаражабова (-52 кг) ҳам финалда имкониятни бой бериб, иккинчи ўринни эгаллади.
Шунингдек, пара енгил атлетикада эркаклар ўртасида узунликка сакрашда Омадбек Хасанов (Т47) 6,99 метр натижа билан, ядро улоқтиришда эса Тўлиббой Йўлдошев (Ф37) 15,79 метр натижа билан делегация ҳисобига кумуш медалларни қўшди.
Мусобақада етти нафар спортчимиз бронза медалини қўлга киритди. Пара дзюдо бўйича аёллар ўртасида Бону Бабаева (Ж1, -52 кг) индонезиялик рақибасини, Фотима Тоирова (Ж1, -60 кг) эса қозоғистонлик спортчини мағлуб этиб, бронза медалига сазовор бўлди. Эркаклар ўртасидаги бронза учун кечган ўзбекча дербида Иброҳимжон Акбаров (Ж1, -70 кг) юртдоши Қосим Сафарқуловни енгиб, учинчи ўринни эгаллади.
Пара таеквондочи Қизлархон Исомиддинова (-47 кг) япониялик рақибасини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, бронза медалини қўлга киритди. Пара сузишда эса Муслима Одилова (С13, 100 м, эркин) маррага учинчи бўлиб етиб келиб, мусобақа совриндорига айланди.
Аёллар ўртасида Ф37/38 классида диск улоқтириш финалида қатнашган Зоҳира Қозоқова 27,84 метр натижа билан учинчи ўринни эгаллаб, Ўзбекистон делегацияси ҳисобига навбатдаги бронза медалини қўшди.
Пара таеквондо бўйича аёллар ўртасидаги К44 классида -52 кг вазн тоифасида бронза медали учун кечган беллашувда Ўзбекистон вакиласи Кароматой Рустамова индонезиялик Риа Юлиантини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, делегация ҳисобига навбатдаги бронза медалини қўшди.

