Иқтисодиёт

“Палов индекси”: Ўзбекистонда ош тайёрлаш бир йил ичида қанчага қимматлашди?

2025-йилнинг июл ойидан 2026-йилнинг июл ойигача бўлган даврда ош пишириш учун керак бўладиган масаллиқлар қиймати ҳудудлар кесимида 7 фоиздан 10 фоизгача ошди. Энг кўп нарх кўтарилиши Хоразм, Андижон ва Бухоро вилоятларида кузатилган. Хусусан, ўтган йилнинг июл ойида Хоразмда  1 кило ош дамлаш учун 106 минг сўмлик бозорлик қилиш керак эди, бу йил мазкур кўрсаткич қарийб 118 минг сўмга етган.

"Палов индекси": Ўзбекистонда бир йилда ош тайёрлаш харажати қанчага ошди?

Миллий статистика қўмитаси ҳар ой якунида ҳудудлар бўйича 1 кг палов тайёрлаш учун зарур бўлган масаллиқларнинг ўртача нархларини эълон қилиб боради. Kun.uz ушбу маълумотларга таяниб, ўзбекистонликларнинг асосий миллий таоми бўлмиш палов тайёрлаш нархларининг ўзгаришини таҳлил қилди.

Июл ойи якунларига кўра, Тошкент шаҳрида 1 кг палов тайёрлаш учун 128 730 сўмлик харид қилиш керак бўлади. Фарғонада ҳам масаллиқларнинг қиймати бошқа ҳудудларга нисбатан юқорироқ бўлиб, 125 283 сўмни ташкил этади. Қорақалпоғистонда эса 1 кг ош дамлаш энг арзон – 107 396 сўмга тушади.

Бу нархлар 8 та маҳсулотни ўз ичига олади: 0,7 кг мол гўшти, 1 кг лазер гуруч, 0,3 л кунгабоқар ёғи, 1 кг сабзи, 300 г пиёз, 100 г нўхат, 10 г зира ва 20 г ош тузи.

2025-йилнинг июл ойидан 2026-йилнинг июл ойигача "палов индекси" қуйидагича ўзгарган:

**Статистика қўмитаси маълумотлари асосида Kun.uz ҳисоб-китоблари**

Маълум бўлишича, 2025-йилнинг июл ойидан 2026-йилнинг июл ойигача ош учун масаллиқларнинг нархи Хоразм ва Андижон вилоятларида 10 фоиздан кўпроққа, Бухоро вилояти ва Тошкент шаҳрида эса 9 фоиздан кўпроққа ошган. Самарқанд, Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Жиззахда "палов инфляцияси" 7 фоизни ташкил этган.

Маълумот учун, Статистика қўмитаси 2026-йил июл ойи якунлари бўйича Ўзбекистондаги инфляция даражасини 6,4 фоиз деб эълон қилди. Хусусан, йиллик нисбатда озиқ-овқат маҳсулотларининг ошиши ҳам 6,4 фоизни ташкил қилган. Эътиборли жиҳати, деярли барча ҳудудларда палов нархининг ошиши расмий озиқ-овқат маҳсулотлари инфляциясидан юқори бўлган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.