Спорт

Ўзбекистоннинг Осиё ўйинларига борган икки вакилида допинг аниқланди

Улардан бири аллақачон медал олган, иккинчиси бугунги мусобақаларда иштирок этиши керак эди.

Ўзбекистоннинг Осиё ўйинларига йўл олган икки вакилида допинг аниқланди

Ўзбекистон делегациясининг икки аъзоси — каноечи Павел Эйгел ва спортнинг аралаш яккакураш турида қатнашган Нодирбек Шавкатов — допинг намуналарида тақиқланган моддалар топилгани сабабли 2026-йилги Осиё ўйинларидан вақтинча четлатилди.

Халқаро допинг-тест агентлиги (ИТА) хабарига кўра, Павел Эйгелнинг намунасида триметазидин, Нодирбек Шавкатовникида эса мелдоний аниқланган. Иккала модда ҳам ВАДА тақиқлаган моддалар рўйхатига киритилган.

Якуний қарор қабул қилинмагунча, спортчилар мусобақаларда иштирок эта олмайди.

Қайд этилишича, улар натижани қайта текширтириш учун «Б» намунасини таҳлил қилишни сўраши ва вақтинчалик четлатиш қарорига қарши Спорт арбитраж судига мурожаат қилиши мумкин. Ҳозирча спортчиларга нисбатан якуний қарор чиқарилмаган.

Маълумот учун, Нодирбек Шавкатов (-71 кг) 21-сентабр куни аралаш жанг санъатининг модерн йўналишида бронза медални қўлга киритган, у яримфиналда Қозоғистон вакили Қодирбек Шинбаевга мағлуб бўлганди.

36 ёшли Павел Эйгел эса Россия фуқароси ҳисобланади ва 2018-йилги жаҳон чемпионатида бронза медал совриндори бўлган. 2025-йил май ойида у спорт фуқаролигини ўзгартириб, 2026-йилги Осиё ўйинларида Ўзбекистон номидан қатнашишга қарор қилганди.

У турнирдаги иштирокини бугун, 29-сентабр куни бошлаши кутилаётганди, бироқ дисквалификацияга учради.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.