Ўзбекистонда 5 мингдан ортиқ мактаб янги баҳолаш тизимига ўтади
2026-2027 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги қўшимча 1 568 та умумий ўрта таълим мактабида мезонларга асосланган янги баҳолаш тизими жорий этилади. Натижада ушбу тизим қамраб олган мактаблар сони республика бўйича 5 мингдан ошади.

Ўзбекистонда 5 мингдан зиёд мактаб янги баҳолаш тизимига ўтиши маълум қилинди.
Ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини аниқ мезонлар асосида холисона баҳолаш, таълим натижаларини доимий таҳлил қилиб бориш ҳамда янги баҳолаш тизимининг қамровини кенгайтириш мақсадида ушбу тизимга қўшиладиган мактаблар рўйхати тасдиқланди.
Унга кўра, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб яна 1 568 та умумий ўрта таълим мактаби мезонларга асосланган баҳолаш тизимига ўтади.
Янги тизимда ўқувчиларнинг билим ва кўникмалари белгиланган мезонлар асосида 100 баллик шкала бўйича баҳоланади.
Ушбу баҳолаш тизими Ўзбекистон мактабларида илк бор 2023-йилда жорий этилган бўлиб, дастлаб республикадаги 500 та мактабни қамраб олган эди.
Кейинги йилларда тизим босқичма-босқич кенгайтирилди. Янги ўқув йилида яна 1 568 та мактабнинг қўшилиши натижасида мезонларга асосланган баҳолаш тизими республика бўйича 5 мингдан ортиқ мактабда амал қилади.
Янги баҳолаш тизимига ўтадиган мактабларнинг тўлиқ рўйхати ҳам эълон қилинган.

