Ўзбекистонда 200-йиллик Шотландия университети кампуси очилиши мумкин
Шотландиянинг Хериот-Уатт университети Ўзбекистонда ўз кампусини очиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Лондондаги учрашувда қўшма таълим дастурлари, талабалар алмашинуви ва икки томонлама диплом бериш бўйича ҳамкорлик ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда 200-йиллик Шотландия университетининг кампуси очилиши эҳтимоли бор
«Дунё» ахборот агентлиги маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида Хериот-Уатт университети раҳбарияти билан музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашув давомида таълим, фан ва инновациялар йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар алмашинувини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, илмий тадқиқотлар ва малака ошириш соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири университетнинг Ўзбекистонда ўз кампусини очиш имконияти бўлди. Ҳозирча кампус очилиши бўйича якуний қарор ёки унинг иш бошлаш муддати ҳақида маълумот берилмаган.
Университет вакиллари Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан алоқаларни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди. Хусусан, қўшма таълим лойиҳаларини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар учун малака ошириш дастурлари ва тренинглар ташкил этиш ҳамда биргаликда илмий тадқиқотлар олиб боришга қизиқиш билдирилди.
Томонлар «икки томонлама диплом» тамойили асосида ҳамкорлик қилиш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.
Хериот-Уатт университети 1821-йилда Шотландияда «Эдинбург санъат мактаби» номи билан ташкил этилган. Олийгоҳ илмий тадқиқотлар ва таълимдаги инновацион ёндашувлари билан танилган.
«Дунё» АА келтирган маълумотларга кўра, университетда хорижий кампуслари билан бирга қарийб 31 минг талаба таҳсил олади, 2 мингдан ортиқ ўқитувчи фаолият юритади.

