Ўзбекистон ёшлари гуруҳда 1-ўрин билан Осиё ўйинлари чоракфиналига чиқди
Ўзбекистон У23 терма жамоаси Японияда ўтаётган Осиё ўйинлари гуруҳ босқичининг 3-турида Вьетнамни 2:0 ҳисобида енгиб, гуруҳда биринчи бўлди. Энди бош мураббий Равшан Ҳайдаров шогирдларини чоракфиналда Саудия Арабистонига қарши баҳс кутиб турибди.

Ўзбекистон ёшлари гуруҳда 1-ўрин билан Осиё ўйинлари чоракфиналига йўл олди
Япониянинг Нагоя шаҳрида ХХ ёзги Осиё ўйинлари футбол мусобақаси давом этмоқда.
Ўзбекистон У23 терма жамоаси гуруҳ босқичидаги сўнгги учрашувини Вьетнамга қарши ўтказиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Голлар Муҳаммадали Ўринбоев ва Нурлан Ибраимов номига ёзилди.
Ушбу муваффақиятдан сўнг ўзбекистонликлар ҳисобидаги очколар 9 тага етди ва жамоа гуруҳда биринчи ўрин билан чоракфиналга чиқди.
Энди бош мураббий Равшан Ҳайдаров шогирдларини чоракфиналда Саудия Арабистонига қарши баҳс кутмоқда. Учрашув 25-сентабр куни Тошкент вақти билан соат 10:00 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинлари футбол турнири регламентига кўра, жамоалар таркибида 23 ёшгача бўлган футболчилар билан бирга 23 ёшдан катта 3 нафар футболчи ҳам бўлиши мумкин. Ўзбекистон терма жамоаси турнирда 21 ёшгача бўлган таркиб билан қатнашмоқда. Бу Лос-Анжелес - 2028 олимпиадаси саралашида иштирок этадиган жамоа етарли тажриба тўплаши учун амалга оширилган.
Осиё ўйинлари футбол турнири 1990-йилдан бери ўтказиб келинади. Мусобақада Эрон ва Жанубий Корея 3 мартадан чемпион бўлган. Шунингдек, Ўзбекистон (1994-йилда), Қатар ва Япония ҳам олтин медалларни қўлга киритган.

