Ўзбекистон ва Европа университетлари қўшма магистрлик дастурини очиши мумкин
Будапештда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Европа мамлакатлари университетлари иштирокида сув хўжалигини бошқариш ва сув дипломатияси бўйича қўшма халқаро магистрлик дастурини йўлга қўйиш имконияти муҳокама қилинди. Дастурни Эрасмус+ доирасида ташкил этиш масаласи кўриб чиқилган.

Ўзбекистон ва Европа университетлари қўшма магистрлик дастурини йўлга қўйиши мумкин
«Дунё» ахборот агентлиги маълумотига кўра, бу ташаббус Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлигини мустаҳкамлашга бағишланган халқаро семинарда муҳокама қилинган.
Тадбир Венгрия пойтахтида Лоранд Этвёш номидаги университет ва Корвин университети томонидан ташкил этилган. Унда Европа Иттифоқи, Венгрия, дипломатик корпус, шунингдек, Европа ва Марказий Осиёнинг илмий ҳамда эксперт-таҳлилий доиралари вакиллари иштирок этган.
Ўзбекистон томонидан элчи Ойбек Шахавдинов ҳамда мамлакатнинг илмий ва таҳлилий муассасалари делегацияси қатнашган.
Учрашув давомида иқлим ўзгариши, сув ва энергетика хавфсизлиги, транспорт йўлакларини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда илмий-таълимий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Ўзбекистон элчиси мамлакатдаги ислоҳотлар натижалари ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини тақдим этган. Бу жараёнда 2025-йил апрелда Самарқандда ўтказилган биринчи «Марказий Осиё - Европа Иттифоқи» саммити келишувларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Томонлар Глобал Гатевай ташаббуси имкониятларидан фойдаланиш, «яшил» энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, ўта муҳим хомашё материалларини қайта ишлаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилган.
Ўзбекистон вакиллари сув дипломатияси ва трансчегаравий сув ресурсларини барқарор бошқариш бўйича экспертлик мунозараларида ҳам иштирок этган. Қўшма магистрлик дастури орқали айнан шу йўналишларда янги авлод мутахассисларини тайёрлаш имконияти алоҳида кўриб чиқилган.
Тадбир якунида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида қўшма тадқиқотлар олиб бориш ҳамда амалий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинган.

