Ўзбекистон ва ХФК вакиллари энергетика, транспорт ва сув хўжалиги соҳаларидаги лойиҳаларни муҳокама қилдилар

Ўзбекистон ва ХФК вакиллари энергетика, транспорт ва сув хўжалиги соҳаларидаги лойиҳаларни муҳокама қилдилар
Бангкокда Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг йиллик мажлислари доирасида Халқаро молия корпорациясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вице-президенти Имад Фахурининг Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров билан учрашуви бўлиб ўтди.
Музокараларда шунингдек, ХФКнинг Қозоғистон, Туркия ва Ўзбекистон бўйича бўлинмаси раҳбари Лиза Кестнер, Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосари Нодирбек Очилов, иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси Жасур Қаршибоев ва бошқа расмий шахслар иштирок этдилар.
Томонлар мамлакатдаги кенг кўламли ислоҳотларнинг жорий якунларини ҳамда ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилиб, хусусий сектор, инфратузилма ва давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантиришга алоҳида урғу бердилар.
Суҳбат давомида транспорт, энергетика, сув хўжалиги ва ижтимоий инфратузилма соҳаларидаги қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Хусусан, Тошкент — Андижон пуллик автомобиль йўлини қуриш, электр тақсимлаш тизимлари ва суғориш насос станцияларини модернизация қилиш, сув хўжалигида ДХШ механизмларини жорий этиш, шунингдек, ҳудудларда умумтаълим мактабларини барпо этиш каби йирик лойиҳалар ҳақида сўз борди.
Бундан ташқари, иштирокчилар ипотека бозорини ривожлантириш, давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш учун ХФКнинг экспертлик салоҳиятидан фойдаланишни муҳокама қилдилар. Учрашув якунлари бўйича барча асосий йўналишлар бўйича кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди.

