Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарлари Бухоронинг машҳур обидаларини зиёрат қилдилар (фото)
Озарбайжонлик меҳмонларга Бухоронинг Буюк Ипак йўлидаги ислом цивилизациясининг энг йирик илм-фан, таълим ва савдо марказларидан

Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари Бухоронинг тарихий обидаларини зиёрат қилдилар (фото)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев рафиқалари билан биргаликда Бухоронинг жаҳонга машҳур тарихий ёдгорликларини – Сомонийлар мақбараси, Арк қўрғони, Пойи Калон ва Лаби Ҳовуз мажмуалари, шунингдек, Кўкалдош мадрасасини зиёрат қилдилар.
Олий мартабали меҳмонларга ушбу ноёб обидаларнинг тарихи, меъморий хусусиятлари, шунингдек, Шарқда илм-фан, маданият ва шаҳарсозлик ривожидаги аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Ташриф Исмоил Сомоний томонидан бунёд этилган Сомонийлар мақбарасидан бошланди. Ушбу обида 1993 йилда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Шундан сўнг, давлат раҳбарлари кўп асрлар давомида Бухоронинг сиёсий ва маъмурий маркази бўлиб келган қадимий Арк қалъасига ташриф буюрдилар. Археологик ва тарихий маълумотларга кўра, қалъа узоқ давр мобайнида шаклланган ва яқин ўтмишдан бошлаб Бухоро ҳукмдорларининг қароргоҳи вазифасини бажарган. Бугунги кунда Арк шаҳарнинг энг машҳур обидаларидан бири ва Бухоро тарихий марказининг муҳим қисми ҳисобланади.
Пойи Калон мажмуаси Марказий Осиёнинг энг салобатли меъморий мажмуаларидан биридир. 1127 йилда қурилган машҳур Калон минораси мажмуанинг энг диққатга сазовор иншооти бўлиб, асрлар давомида нафақат Бухоро меъморчилигининг намунаси, балки шаҳарнинг ҳақиқий "ташриф қоғози" бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
Ансамбл таркибига XVI аср бошларига оид Калон масжиди ва Мир Араб мадрасаси ҳам киради. Ушбу мажмуа ҳақли равишда Шайбонийлар давридаги тарихий Бухоронинг дурдоналаридан бири ҳисобланади.
Олий мартабали меҳмонларда Лаби Ҳовуз мажмуаси ҳам катта таассурот қолдирди. У қадимий ҳовуз атрофида қурилган ва эски Бухородаги энг машҳур жамоат масканларидан бири ҳисобланади.
Бу ерда Кўкалдош мадрасаси, Нодир Девонбеги мадрасаси ва хонақоҳи жойлашган. Шаҳарнинг ушбу гўшаси асрлар давомида аҳоли, сайёҳлар ва илм аҳлини ўзига жалб қилувчи маскан бўлиб келган ҳамда ўрта асрлардаги Бухоронинг бетакрор муҳитини бугунги кунгача сақлаб қолган.
Ташриф давомида халқ ҳунармандчилиги намуналари ҳамда тарихий обидаларга туширилган бадиий безакларнинг хусусиятлари ҳам намойиш этилди.
Озарбайжонлик меҳмонларга Бухоронинг Буюк Ипак йўлидаги ислом цивилизациясининг энг йирик илм-фан, таълим ва савдо марказларидан бири сифатидаги кўп асрлик тарихи ҳақида сўзлаб берилди.

