Спорт

Ўзбекистон Суперлигаси куз-баҳор тизимига ўтиши мумкин

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Суперлига мавсумини куз-баҳор тизимида ўтказишни режалаштирмоқда. Бу борада Лиганинг ищи режаси Умумий йиғилиш вакилларига тақдим этилди.

Ўзбекистон Суперлигаси куз-баҳор тизимига ўтиши мумкин

Таклиф қилинаётган лойиҳага биноан, янги тизим 2028/29 йилги мавсумдан бошлаб жорий этилиши эҳтимоли бор.

Дастлабки тақвим қуйидагича белгиланган:

Ўзбекистон кубоги — 2028-йил 1-мартдан 31-майгача;

ёзги трансфер ойнаси — 1-июлдан 9-сентабргача (10 ҳафта);

Суперлиганинг биринчи давраси — 18-августдан 24-декабргача;

қишки трансфер ойнаси — 2029-йил 2-январдан 13-февралгача (6 ҳафта);

Суперлиганинг иккинчи давраси — 23-февралдан 31-майгача.

Шу тариқа, амалдаги баҳор-куз формати ўрнига чемпионат августда бошланиб, кейинги йил май ойида якунланадиган тизим таклиф қилинмоқда.

Агар таклиф тасдиқланса, бу Ўзбекистон чемпионати тарихидаги илк куз-баҳор мавсуми бўлади. Ўзбекистон Суперлигаси (аввалги Олий лига) 1992-йилда ташкил этилганидан бери доим баҳор-куз тизимида, яъни бир календар йил доирасида ўтказиб келинмоқда.

ПФЛ ҳозирча янги тизимга ўтиш сабабларини очиқламади.

Бироқ бу Осиё футбол конфедерацияси клуб мусобақалари тақвимига мослашиш билан боғлиқ бўлиши мумкин. ОФК 2022-йилда клуб мусобақаларини куз-баҳор тизимига ўтказишга қарор қилган ва янги тақвим 2023/24 мавсумидан кучга кирган.

Икки хил тақвим ўзбек клубларининг ОФК турнирларидаги иштирокида узоқ танаффус юзага келишига сабаб бўлмоқда. Масалан, 2025-йил ноябрида Ўзбекистон чемпиони бўлган «Нефтчи» ОФК Чемпионлар лигасидаги илк ўйинини 2026-йил 14-сентабрда — қарийб 10 ойдан кейин ўтказди. Яъни клуб чемпионлик орқали Осиё мусобақаси йўлланмасини қўлга киритганидан сўнг уни амалда ишлатиши учун деярли бир йил кутишга мажбур бўлди.

Суперлиганинг куз-баҳор тизимига ўтказилиши бу муддатни сезиларли даражада қисқартириши мумкин. Янги тақвимда май ойида Ўзбекистон чемпиони бўлган клуб ёзги танаффусдан кейин ОФК клуб мусобақаларида иштирокини бошлаши мумкин. Бу ички чемпионат якунлари билан Осиё мусобақалари бошланиши ўртасидаги вақт фарқини камайтиради.

2024/25 мавсумидан бошлаб ОФК клуб мусобақалари Чемпионлар лигаси Элите, Чемпионлар лигаси 2 ва Чалленге Леагуе каби уч поғонали янги форматда ҳам куз-баҳор тақвими асосида ўтказилмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.