Ўзбекистон Қуролли Кучлари учун 1 миллион нусха китоб харид қилиш таклиф этилди
Ўзбекистонда Қуролли Кучлар таркибидаги ҳарбий қисм ва муассасалар кутубхоналарини 1 миллион нусхадаги бадиий адабиётлар билан таъминлаш режалаштирилмоқда. Лойиҳага кўра, муддатли ҳарбий хизматчилар «Алпомиш», «Бобурнома», «Ўтган кунлар» каби асарлар ҳамда Чўлпон, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Муҳаммад Юсуф ижодидан қатор шеърларни ўқиб-ўрганиши ҳам назарда тутилган.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари учун 1 миллион нусха китоб харид қилиш таклиф қилинди
Ўзбекистон Қуролли Кучларида ҳарбий хизматчиларнинг китобхонлик маданиятини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланди.
Ҳужжатнинг асосий мақсади ҳарбий хизматчиларнинг китоб ўқиш маданиятини юксалтириш, уларнинг маънавий-ахлоқий фазилатлари, интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини ошириш, шунингдек миллий ҳамда жаҳон адабиётининг сара намуналарини кенг тарғиб қилишдан иборат.
Лойиҳа доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси Тарих институти ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг Қуролли Кучлар таркибидаги ҳарбий қисм ва муассасалар кутубхоналарини 1 миллион нусхадаги бадиий адабиётлар билан таъминлаш ҳақидаги таклифига розилик бериш назарда тутилган.
Лойиҳага мувофиқ, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия 1 миллион нусхадаги адабиётларни харид қилиш бўйича буюртмачилар этиб белгиланади.
Китобларни Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ўртасида алоҳида тақсимот асосида ажратиш режалаштирилган.
Масъул вазирлик ва идораларга бир ой муддатда ҳарбий қисм ва муассасалар кутубхоналари учун харид қилинадиган китоблар рўйхатини тасдиқлаш вазифаси юкланиши мумкин.
Рўйхатга ҳарбий хизматчилар орасида ватанпарварлик, фидойилик ва меҳнацеварлик каби фазилатларни тарғиб этувчи бадиий, тарихий, ҳарбий-ватанпарварлик, илмий-оммабоп ва соҳага оид адабиётлар киритилиши кўзда тутилган.
Лойиҳада муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан ўқиб-ўрганилиши лозим бўлган бир қатор асарлар ҳам алоҳида қайд этилган.
Жумладан:
- «Алпомиш» достони;
- Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари;
- Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи;
- Абдулҳамид Чўлпоннинг «Гўзал Туркистон» ва «Халқ денгиздир» асарлари;
- Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим» ва «Инсон» қасидалари;
- Абдулла Ориповнинг «Ўзбекистон» шеъри;
- Муҳаммад Юсуфнинг «Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон» шеъри.

