Спорт

Ўзбекистон бокс жамоаси Осиё ўйинларини 2 та олтин билан якунлади

Шунингдек, битта кумуш ва 4 та бронза қўлга киритилди. Умумжамоа ҳисобида Ҳиндистондан кейинги иккинчи ўрин эгалланди, Қозоғистон учинчи ўринда қолди.

Ўзбекистон бокс жамоаси Осиё ўйинларини 2 та олтин медал билан якунлади

Бугун Осиё ўйинларининг 13-кунида Ўзбекистон эркаклар бокс жамоаси учта вазн тоифасида финал жангларида рингга чиқди.

Аввал 90 килограммгача бўлган вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Тўрабек Ҳабибуллаев Хитой вакили Ҳуежанг Ҳанни билан баҳс олиб борди. Ўзбекистонлик боксчи жанг давомида тўлиқ устунлик қилди ва ҳакамлар унинг ғалабасини бир овоздан қайд этишди — 5:0.

Олдинроқ Осиё ва жаҳон чемпиони унвонларини қўлга киритган 22 ёшли боксчи илк бор Осиё ўйинлари чемпионига ҳам айланди. У Ҳангчжоудаги Осиё ўйинларида бронза билан қайтганди.

Кейинги финалда 60 килограммгача бўлган вазн тоифасида Абдумалик Ҳалоков Жанубий Корея вакили Донгҳванг Жангга қарши рингга чиқди. Бу жангда ҳам фаворит сифатида кўрилган ўзбекистонлик боксчи якунда ишончли ғалабага эришди — 5:0.

Олимпиада ўйинларининг амалдаги ғолиби, икки карра жаҳон чемпиони ва Осиё чемпиони ҳисобланган Ҳалоков учун бу Осиё ўйинларидаги иккинчи чемпионлик бўлди. У аввалги турнирда ҳам ўз вазнида тенгсиз бўлган.

Учинчи финалда эса +90 кг вазн тоифасида Жаҳонгир Зокиров Қозоғистон вакили Айбек Ўралбайга ютқазди — 0:5. Шу тариқа у кумуш медал билан кифояланди.

Бунгача Фируза Казакова (-51 кг), Ситора Турдибекова (-60 кг), Фазлиддин Эркинбоев (-70 кг) ва Шавкатжон Болтаев (-80 кг) яримфиналда мағлуб бўлиб, бронза медаллар билан ортга қайтиши маълум бўлганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.