Ўсимлик мойини ҳам мажбурий маркировкалаш таклиф қилинмоқда
Солиқ қўмитаси 2027-йил 1-июлдан бошлаб ўсимлик мойини мажбурий рақамли маркировкалаш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Ҳозирда маркировкалаш талаби қўйилган маҳсулотлар рўйхатига тамаки маҳсулотлари, алкоголли ва алкоголсиз ичимликлар, дори воситалари ва маиший техника киради.

Ўсимлик мойини мажбурий маркировкалаш ҳам таклиф этилмоқда
Солиқ қўмитаси ўсимлик мойини рақамли маркировкалаш ҳақидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига чиқарди. Лойиҳа қабул қилинса, мажбурий маркировка 2027-йил 1-июлдан бошлаб кучга кириши мумкин.
Ҳужжатнинг преамбуласига кўра, ташаббус ўсимлик мойини ишлаб чиқариш ва сотишни рақамлаштириш, шунингдек унинг ноқонуний олиб кирилиши, ишлаб чиқарилиши ва сотилиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.
Талаб ТН ВЕД бўйича 1507–1515 гуруҳларига кирувчи мойларга нисбатан қўлланади. Улар орасида соя, ерёнғоқ, зайтун, палма, кунгабоқар, кироз (сафлор), пахта, кокос, рапс ва бошқа ўсимлик мойлари бор.
Маркировка истеъмол қадоғига (ташқи ёки ички) ёпиштириладиган штрих-кодли стикер орқали амалга оширилади. Ишлаб чиқарувчилар, импортчилар, шунингдек улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи ташкилотлар “Асл белгиси” миллий маркировка ва маҳсулотни кузатиш тизимига уланади. Тизим оператори — СРПТ Турон компанияси. Маркировкаланган маҳсулотнинг муомалага киритилиши, айланиши ва муомаладан чиқарилиши тизим орқали кузатиб борилади.
Маркировка коди бўлмаган мажбурий маркировкаланган ўсимлик мойини сотиш савдо қоидаларини бузиш деб топилади ва қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади. Талабларга риоя этилишини назорат қилишни солиқ органларига юклаш таклиф қилинмоқда.
Ҳужжат лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 24-октабргача давом этади.
Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистонда мажбурий рақамли маркировка тамаки маҳсулотлари, алкоголли ва алкоголсиз ичимликлар (шу жумладан ичимлик суви), дори воситалари ҳамда маиший техникага татбиқ этилган.
Рақамли маркировка тизими 2020-йилдан бери босқичма-босқич кенгайтириб келинмоқда. Аввалроқ сув ва алкоголсиз ичимликлар агрегациясини жорий этиш 2027-йил 1-апрелгача кечиктирилган эди.

