Ўлатга қарши тайёргарлик ва жиззахлик педофилнинг ўлими - маҳаллий дайжест
Жиззахда болага нисбатан жинсий зўравонликда гумон қилинган эркак ўз жонига қасд этди. Россияда ўлат тарқалгани ҳақидаги норасмий хабарлар ортидан Ўзбекистонда унга қарши тайёргарлик чоралари кучайтирилди. Хивадаги Ляонинг педагогика университети филиали талабалари 2031-йилгача давлат гранти асосида ўқитилади. Оҳангарон тоғларида адашган беш киши ярим тунда топилди.

Ўлатга қарши тайёргарлик ва жиззахлик педофилнинг ўлими - маҳаллий дайжест
Жиззахда болага нисбатан жинсий зўравонликда гумон қилинган эркак ўз жонига қасд қилди
Жиззах шаҳрида эркак 10 ёшли болани зўрлаб, кейин ўз жонига қасд қилгани айтилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бу ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2016-йилда туғилган болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани аниқланган. Бу ҳақда жабрланувчининг яқин қариндоши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга хабар берган.
Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан суриштирув ва тергов ишлари олиб борилмоқда. Гумон қилинувчи А.Р. процессуал ҳаракатлардан сўнг ўз жонига қасд қилган.
Воқеа бўйича экспертиза тайинланган. Экспертиза хулосаси натижаларига қараб қўшимча чоралар белгиланади.
Россиянинг Иркуцк вилоятида илмий-тадқиқот институти ходими бўлган 28 ёшли аёл ўта юқумли ва хавфли ўлатдан вафот этгани ҳақида норасмий хабарлар тарқалди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси ўринбосари Ботир Қурбонов вазиятга изоҳ бериб, тегишли эҳтиёт чоралари кучайтирилганини маълум қилди.
«Ўлат ўта хавфли юқумли касаллик бўлиб, турли йўллар билан юқиши мумкин. Ҳозир эътиборимиздаги ҳолат – ўпка шакли. Бу одамдан одамга юқиши мумкин. Яъни одам нафас чиқарганда ҳаво орқали касаллик юқиши мумкин», – деди у.
У аҳолини тасдиқланмаган хабарлар асосида ваҳимага тушмасликка чақирди. Қурбоновнинг таъкидлашича, эҳтимолий хавф юзага келган тақдирда беморларни изоляция қилиш ва вазиятга тезкор жавоб бериш учун имкониятлар мавжуд.
«Ўзбекистонда Хитой Халқ Республикасининг Ляонинг педагогика университети филиалини ташкил этиш тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Хоразм вилоятида Ляонинг педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали ташкил этилади.
Таълим жараёни 2026/2027 ўқув йилидан бошланади ва ўзбек, хитой ёки инглиз тилларида олиб борилади. Ўқиш кундузги ва муқобил таълим шаклларида ташкил этилади.
2030/2031 ўқув йилига қадар ўқишга қабул қилинган талабалар ўқишнинг бутун даври давомида тўлиқ давлат гранти асосида ўқитилади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, 4-октабр куни Оҳангарон туманининг Чинор маҳалласи ҳудудидаги тоғларда беш киши адашиб қолгани ҳақида хабар келиб тушган. Мурожаат асосида «Қамчиқ» махсус қутқарув бошқармасининг «Бешқўл» навбатчилик қисми қутқарувчилари қидирув-қутқарув ишларини олиб борган.
Қидирув натижасида фуқаролар 5-октабрга ўтар кечаси топилган. Уларнинг барчаси тоғдан хавфсиз ҳудудга олиб тушилиб, яшаш манзилларига юборилган.
ФВВ фуқароларни тоғли ҳудудларга чиқишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди. Шунингдек, об-ҳаво шароитини инобатга олиш ва сафар йўналишини олдиндан белгилаб олиш зарурлигини эслатди.
Тошкент вилоятида банк ходими ноқонуний равишда 100 минг доллар олаётган пайтда қўлга тушди, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.
Маълум қилинишича, у нуфузли банклардан бирининг Тошкент вилоятидаги минтақавий маркази Маҳаллабай ва давлат дастурлари билан ишлаш бўлими бошлиғи бўлган. У Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимлиги балансидаги 16,05 гектар ер майдонини сотиш ҳамда ҳокимлик захирасида бўлган 4 гектар ерни мансабдор танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига харидордан жами 4 млн 250 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида у сўралган пул маблағидан 100 минг АҚШ долларини олдиндан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳозир унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

