Маҳаллий

«Ўзтрансгаз» тизимида 35 млн куб метргача газ сизиб чиқиши аниқланган

Ўзбекистонда газ сизиб чиқишларини аниқлаш ва бартараф этиш, метан чиқиндиларини камайтириш ҳамда тежалган маблағларни газ инфратузилмасига қайта йўналтириш бўйича янги лойиҳа амалга оширилади. Жаҳон банки иштирокидаги лойиҳа учун 10,6 млн АҚШ доллари миқдорида грант ажратилиши белгиланди.

«Ўзтрансгаз» тизимида 35 миллион куб метргача газ сизиб чиқиши аниқланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 18-августдаги 444-сонли қарори билан Жаҳон банки иштирокида «Ўзбекистонда газ сизиб чиқишларини бартараф этиш механизмини яратиш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Қарорга кўра, лойиҳани амалга ошириш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ўртасида 10,6 миллион АҚШ долларига тенг грант битими имзоланган.

Лойиҳанинг асосий мақсадлари газ инфратузилмасидаги йўқотишларни камайтириш, метан чиқиндиларини қисқартириш, иқлим ўзгаришига қарши чораларни кучайтириш ва газ тежалиши натижасида ҳосил бўлган маблағларни соҳага қайта инвестиция қилишдан иборат.

Ҳужжатда қайд этилишича, Жаҳон банки кўмагида газ сизиб чиқиши ҳолатларини аниқлаш бўйича ўтказилган тадбирлар натижасида республика ҳудудидаги «Ўзтрансгаз» объектларининг 1000 дан ортиқ нуқтасида 35 миллион куб метргача газ сизиб чиқиши ҳолатлари аниқланган.

Лойиҳа 2026–2028-йиллар давомида амалга оширилади. Унинг доирасида «Ўзтрансгаз» тизимидаги объектларда газ сизиб чиқиши ҳолатлари босқичма-босқич аниқланади ва бартараф этилади.

Қарорга илова қилинган молиялаштириш жадвалига кўра, грант маблағларининг асосий қисми – 9,6 миллион доллари газ инфратузилмасида мавжуд газ йўқотишлари ҳажмини камайтиришга қаратилган чора-тадбирларга йўналтирилади.

Яна 500 минг доллар газ сизиб чиқиши ҳолатлари ва метан эмиссияларини камайтириш мониторинги ҳамда ҳисоботини юритиш бўйича институционал салоҳиятни мустаҳкамлашга, қолган 500 минг доллар эса лойиҳани амалга ошириш гуруҳи фаолияти, хорижий экспертларни жалб қилиш ва лойиҳани қўллаб-қувватлашга ажратилади.

Лойиҳа доирасида газ сизиб чиқишларини бартараф этиш натижасида иқтисод қилинган метан гази ҳажми мустақил верификациядан ўтказилади. Шу асосда шаклланган маблағлар махсус эскроу ҳисобварағида жамланиб, газ тизимидаги самарали лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Молиявий механизм орқали газ сизиб чиқишларини аниқлаш ва бартараф этиш, ўлчаш, мониторинг, ҳисобот ва верификация тизимларини жорий этиш, газ инфратузилмасини модернизация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш, шунингдек, экологик ва хавфсизлик стандартларини таъминлаш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш назарда тутилган.

Қарорда яна бир муҳим шарт белгиланган: лойиҳа натижасида камайтирилган ва мустақил верификация асосида тасдиқланган табиий газ ҳажмлари камида икки йил давомида ички бозор эҳтиёжлари учун қўлланади. Бу даврда ушбу газ учун тариф тўловларини камайтирмаслик ҳисобидан молиявий механизмнинг барқарор ишлаши таъминланади.

Лойиҳани мувофиқлаштириш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда «Ўзтрансгаз» вакилларидан иборат идоралараро ищи гуруҳ ҳам ташкил этилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.