Сиёсат

ЎзЛиДеП ва Хитой Коммунистик партияси ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди

ЎзЛиДеП ва Хитой Коммунистик партияси ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди

7-сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Халқаро алоқалар бўлими мудири Лю Хайсин бощилигидаги делегацияни қабул қилди. Меҳмон давлат раҳбарига ХХР раиси Си Сзинпиннинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари юксак даражага кўтарилгани, товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми изчил ўсгани, Хитой компаниялари иштирокида қўшма лойиҳалар сони ортиб бораётгани қайд этилди.

Шу куни Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгаши ижроия қўмитасида ҳам Хитой делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда стратегик шерикликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, партиялараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Си Сзинпиннинг сиёсий мулоқоти икки мамлакат ўртасида ишонч ва манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим асос бўлаётганини таъкидлади. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 18 миллиард долларга етгани, яқин йилларда бу кўрсаткични 30 миллиард долларга етказиш режалаштирилгани, қўшма инвестиция лойиҳалари портфели эса 60 миллиард доллардан ортиқни ташкил этаётгани маълум қилинди.

Учрашувларда парламентлараро ва партиялараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, олий ва касбий таълим соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, Ўзбекистонда Хитойнинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини очиш масалалари муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, замонавий сиёсий партиялар фаолиятида рақамли трансформация, сунъий интеллект ва рақамли платформалардан фойдаланиш, фуқаролар билан мулоқотнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича тажриба алмашиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Самимий ва конструктив руҳда ўтган учрашувлар якунида томонлар парламентлараро ва партиялараро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олдилар.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.