Озиқ-овқат ва сувдан узиб қўйилган, Россия томонидан босиб олинган шаҳарда аҳоли томорқадаги бегона ўтларни демоқда
Би-би-си Россия томонидан оккупация қилинган Украинанинг Олешки шаҳри аҳолиси билан суҳбатлашди, улар «доимий равишда ўққа тутилаётганликларини» айтмоқдалар.

Озиқ-овқат ва сувдан узилган, Россия назоратидаги шаҳарда боғдаги бегона ўтлар билан кун кечираётган аҳоли
Олешки 2022 йилдан бери Россия оккупацияси остида қолмоқда ва унинг аҳолиси ҳозирда қамалда.
«Ўтган кеча яна икки нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди», дейди Ҳалия телефон алоқаси узилишидан олдин.
У Россия томонидан босиб олинган Украинанинг Олешки шаҳрида қолиб кетган бўлиб, унинг айтишича, шаҳар «тинимсиз ўққа тутилмоқда» ва озиқ-овқат ҳамда сувдан узилган.
Уч кундан кейин у ҳалок бўлган икки киши эр-хотин бўлганини айтди. У уларни яхши танирди.
Улар 23 км (14 миль) узоқликдаги энг яқин қўшни Раденск шаҳридан уйга бир қоп озиқ-овқат олиб келаётган бўлган, бироқ Россия оккупацион расмийлари томонидан жорий этилган комендантлик соати бошланишидан олдин қайтишга улгуришмаган.
Шундан сўнг улар дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган. Тўртта алоҳида манба 20 сентябрь куни озиқ-овқат олиб кетаётган икки тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Ҳалия шахси аниқланишидан қўрқиб, уларнинг исмларини ошкор қилишни истамайди. Хавфсизлигини таъминлаш мақсадида унинг исми ўзгартирилган.
Унинг ҳикояси — сўнгги кунларда BBC Херсон жанубидаги фронт чизиғида жойлашган шаҳар аҳолисидан эшитган кўплаб аянчли воқеалардан биридир.
2022 йилдан бери Россия томонидан босиб олинган Олешки шаҳри уни Украина позицияларидан ажратиб турувчи Днепр дарёси ва Россия қўшинлари ўртасида қамалда қолган.
Бу шаҳар, шунингдек, 2023 йилда Нова Каховка тўғони вайрон бўлишидан кейин минглаб одамлар уй-жойсиз қолган, биноларни томларигача сув босган шаҳарлардан биридир. Украина ва Нато Россияни тўғонни портлатишда айблаган бўлса, Россия Украинани айблаган.
Россиянинг кенг кўламли босқинидан олдин Олешки аҳолиси 24 000 кишини ташкил этарди. Ҳозирда Украина ҳукумати ҳисоб-китобларига кўра, шаҳар ва унинг атрофидаги ҳудудларда 6 000 га яқин одам, жумладан 200 нафар бола қолган.
Аҳолининг айтишича, кенг қамровли Олешки ҳудудида қолган болалар тўйиб овқатланмаслик, тиббий ёрдам етишмаслигидан азият чекмоқда ва таълим олиш имконияти йўқлиги сабабли «орқага кетмоқда».
Кўпчилик мустақил равишда BBC'га фақат битта шифохона қисман ишлаётганини, у ҳам бўлса ҳаётий зарур ампутацияларни амалга ошириш учун ҳафтада бир неча кун очилишини маълум қилди.
Украина ҳудудга зарур маҳсулотларни етказиб беришга ҳаракат қилди, бироқ сўнгги ойларда бунинг уддасидан чиқа олмади.
Шу ҳафта бошида Кремль Олешкида «критик вазият» ва «озиқ-овқат ҳамда дори-дармон таъминотида муаммолар» борлигини тан олди, бироқ «Россия ҳарбийлари уларни ҳал қилиш устида ишлаётганини» қўшимча қилиб, бунда Киевни айблади.
Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибиганинг сўзларига кўра, маҳаллий аҳоли Россия қўшинлари томонидан «тўлиқ блокада» шароитида яшамоқда.
Сешанба куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган Сибига халқаро ҳамжамиятни Россияга босим ўтказиб, шаҳарга гуманитар ёрдам киритилишига рухсат беришга чақирди.
Олешки 2023 йил июнь ойида Нова Каховка тўғони вайрон бўлганидан кейин сув остида қолган эди.
Олешки ичида Ҳалия ҳар куни омон қолиш учун курашмоқда.
«Шаҳарда озиқ-овқат йўқ», дейди у ва охирги марта озиқ-овқат май ойида етказиб берилганини қўшимча қилади.
«Мен кунига бир марта, фақат кечки пайт овқатланаман», дейди у. «Оддий нон ёпаман, баъзан уни помидор ёки озгина асал ва чой билан ейман. Бор-йўғи шу».
Унинг тушунтиришича, кўплаб аҳоли ёзда етиштиришга улгурган сабзавотлари тугаганидан кейин боғдаги бегона ўтларни пишириб ейишни бошлаган.
Олешкида 2023 йилдан бери газ ва электр энергияси йўқ, шунинг учун аҳоли кун кўришнинг бошқа йўлларини излашга мажбур бўлмоқда.
Қайси бегона ўтларни ейиш хавфсиз экани ва уларни қандай қайнатиш кераклиги маҳаллий Telegram-чатларда муҳокама мавзусига айланган, шунингдек, аҳоли ўртасида озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш, айирбошлаш ёки баҳам кўриш бўйича чақириқлар пайдо бўлмоқда.
Олешкида энди ҳеч қандай дўкон ишламаяпти, аҳоли кийим-кечак ёки гигиена воситаларини топа олмаяпти. Уч йил олдин Каховка тўғонига қилинган ҳужумдан бери шаҳарда электр энергияси, газ ва сув йўқ.
Баъзи аҳоли вакиллари зарур маҳсулотларни излаб, миналаштирилган йўллар орқали шаҳардан чиқиб кетишга таваккал қилган бўлса-да, ҳозирда бу жуда хавфли деб ҳисобланмоқда.
Ушбу аҳоли вакиллари шу йилнинг баҳорида Олешкидан чиқиб кетишга муваффақ бўлишган.
Олешкида қанча одам ҳалок бўлганини аниқлаш қийин.
БМТнинг Украинадаги инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш миссияси жорий йилда Олешки ва Гола Пристанда камида 29 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани ва 54 киши яралангани ҳақидаги маълумотларни қайд этган.
Маҳаллий кўнгиллилар бу рақам анча юқори бўлиши мумкин деб ҳисоблашади.
Ксения Архипова 2022 йил ёзида, Олешки Россия армияси томонидан эгалланганидан бир неча ой ўтгач, у ердан қочишга муваффақ бўлганидан бери ҳалок бўлганларни ҳисоблаб келмоқда.
У Олешкига озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бериш ҳамда эвакуация қилишга кўмаклашиш ишларида қатнашаётган кўнгиллидир. Маҳаллий аҳоли унга нозик шахсий маълумотларни ишониб топширади.
«Ҳалок бўлганлар ҳақида билишим билан уларнинг исм-шарифлари ва туғилган йиллари кўрсатилган жадвал тузиб келяпман — ҳозирда рўйхатимда 1200 га яқин одам бор», дейди у. «Баъзида уни янгилашга улгурмайман, чунки рўйхат ҳар куни бир ёки икки кишига кўпайиб бормоқда: кимдир дрон ҳужумидан ҳалок бўлди, бошқа биров мина босиб олди».
Гарчи BBC бу рақамларни мустақил равишда тасдиқлай олмаса-да, маҳаллий аҳолидан бири яқинларини йўқотгани ҳақида шахсий ҳикоясини сўзлаб берди.
Тетяна — бу ҳам унинг ҳақиқий исми эмас — шу ёзда Олешкида ота-онаси ҳалок бўлганини айтди. У уларнинг шахсини туғилган йиллари ва фотосуратлари билан BBC'га тасдиқлади, бироқ ўз хавфсизлиги учун уларни чоп этмасликни сўради.
«Уларни ўз уйларида отиб ташлашган. Россиялик аскарлар у ерга келиб, уйни тортиб олмоқчи бўлишган», деди у.
Аҳолининг айтишича, Россия оккупацион расмийлари Олешкида ҳалок бўлганларнинг жасадларини дафн этишни чеклаб қўйган, бу эса қурбонлар сонини ҳисоблашни янада қийинлаштирмоқда.
Улар «агар одам дрон ҳужумидан ҳалок бўлган, мина босиб олган ёки бошқа бирор йўл билан ўлдирилган бўлса, ўликларни дафн этишга рухсат беришмаяпти», деди Тетяна.
ББС'га маълум қилинишича, Россия оккупацион расмийлари ушбу ўлим ҳолатларини россиялик шифокор томонидан ўтказиладиган патологоанатомик экспертиза орқали тасдиқлашни талаб қилмоқда. Олешкида эса бунинг иложи йўқ.
Унинг қўшимча қилишича, фақат табиий сабаблар билан вафот этганларнигина дафн этиш мумкин, натижада «айрим жасадлар декабрь ойидан бери кўчаларда қолмоқда».
Жасадлар ё маҳаллий шифохона ўликхонасида «қишдан бери электр токи йўқлиги сабабли тўпланиб қолмоқда», дейди кўнгилли Ксения Архипова, ёки «уларни дайди итлар еб кетмоқда».
BBC аҳолидан олинган кўплаб суратлар асосида ушбу тафсилотни тасдиқлади. Улар чоп этиш учун жуда даҳшатли.
«Бу руҳий босим ўтказиш воситасидир», дейди Олешки ва Украинанинг Россия томонидан босиб олинган бошқа ҳудудларидаги одамларга ёрдам берувчи «Humanity» хайрия ташкилоти ҳаммуассиси Эстер Вратарьова.
«Агар сиз жасадни дафн этишга ҳаракат қилсангиз, кейинги қурбон ўзингиз бўласиз», дейди у.

