Ўзбекистоннинг халқаро захиралари августда 72,1 млрд долларга етди
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари августда 64,4 млрд доллардан 72,1 млрд долларга ошди. Ўсишда олтин асосий ҳиссани қўшди.

Ўзбекистоннинг халқаро захиралари августда 72,1 млрд долларга чиқди
Ўзбекистон Марказий банкининг олтин-валюта захиралари август ойи якунида 64,4 миллиард доллардан 72,1 миллиард долларга кўтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълум қилди.
Бир ой ичида хорижий валютадаги захиралар ҳажми 7,7 миллиард доллардан 6,6 миллиард долларга камайди.
Жами захираларнинг ошишида асосий улуш олтин ҳиссасига тўғри келди: захиралар таркибидаги олтин қиймати 8,8 миллиард долларга кўпайиб, 64,9 миллиард долларга етди. Олтиннинг физик ҳажми эса 13,8 миллиондан 14,1 миллион трой унсияга ошди.
Олтин захиралари қийматининг кўтарилиши жаҳон бозорида қимматбаҳо металл нархининг ошиши билан бир пайтга тўғри келди. Август ойида олтин нархи 13,6 фоизга қимматлаб, бир трой унсия учун 4602 долларга чиқди. 7 сентябр ҳолатига кўра, котировкалар бир унсия учун қарийб 4400 долларгача тушди.
Июл ойида кескин қисқарганидан кейин, тартибга солувчининг портфелидаги халқаро қимматли қоғозлар ҳажми августда деярли ўзгармади ва 1,8 миллиард долларни ташкил этди. Уларнинг халқаро захиралар таркибидаги улуши қарийб 2,4 фоизга тенг.
Умуман олганда, ҳозир Ўзбекистоннинг жами халқаро захираларининг қарийб 90 фоизи олтин ҳисобига тўғри келади, хорижий валютадаги захиралар улуши эса тахминан 9 фоизни ташкил этади. Захира активларининг қолган қисми махсус қарз олиш ҳуқуқлари (СДР)дан шаклланган бўлиб, уларнинг ҳажми август ойи охирида 571 миллион долларни ташкил этган.

