Маҳаллий

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида қайси касб ва мутахассисликларга талаб юқорилиги аниқланди

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида қайси касб ва мутахассисликларга талаб юқори экани аниқланди

Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги техникумларнинг 2025/2026-ўқув йилидаги қабул параметрларини шакллантириш, тақсимлаш ва бажариш самарадорлигини таҳлил қилди. Натижаларга кўра, республикада энг кўп талаб қилинаётган йўналиш автомобилларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш экани маълум бўлди. Ҳудудларга хос йўналишлар ҳам белгиланди.

### Техникумларга қабул режасининг бажарилиши ошган

Таҳлилга кўра, 2024/2025-ўқув йилида техникумлар учун 201 203 та қабул квотаси тасдиқланган бўлиб, шундан 156 528 нафар абитуриент ўқишга қабул қилинган. Шу тариқа қабул режасининг бажарилиши 76 фоизни ташкил этган. Бу ҳар тўртта ўринлардан биттаси тўлдирилмаганини англатади.

2025/2026-ўқув йилида эса техникумларга жами 287 301 та қабул квотаси ажратилган, шундан 249 130 нафар абитуриент қабул қилинган. Бу қабул режасининг 86 фоиз бажарилганини кўрсатади. Демак, бажарилиш даражаси 76 фоиздан 86 фоизга кўтарилган. Бироқ қабул кўрсаткичларидаги ижобий ўзгаришларга қарамай, касб ва мутахассисликлар, таълим шакллари ҳамда ҳудудлар кесимида сезиларли тафовутлар сақланиб қолмоқда.

### Ўқувчиларнинг 83 фоиздан ортиғи грант асосида қабул қилинган

Таҳлилга кўра, 2025/2026-ўқув йилида техникумларга қабул қилинган 249 130 нафар ўқувчидан 206 761 нафари давлат гранти асосида, 42 369 нафари эса контракт асосида қабул қилинган. Натижада давлат гранти улуши 83,0 фоизни, контракт улуши эса 17,0 фоизни ташкил этган.

### Дуал таълим бўйича қабул режадан паст бўлган

2025/2026-ўқув йили учун жами қабул квотасидан 59 680 таси дуал таълим шакли учун ажратилган. Аммо амалда дуал таълим бўйича 41 080 нафар ўқувчи қабул қилинган ва бу жами қабул қилинганлар ичида 16,5 фоизни ташкил этган. Натижада дуал таълим учун ажратилган қабул параметрларининг 68,8 фоизи бажарилган.

Айрим ҳудудларда иш берувчилар иштирокининг чекланганлиги, амалий таълимни ташкил этиш имкониятларининг етарли даражада ривожланмагани ҳамда техникумлар ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорликнинг турлича шакллангани дуал таълим бўйича қабул параметрларининг режадан паст шаклланишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

### Қабулнинг асосий қисми чекланган сондаги касб ва мутахассисликларда жамланган

Техникумлардаги касб ва мутахассисликлар сони 450 тадан ошишига қарамай, қабулнинг катта қисми чекланган йўналишларда тўпланган. Энг юқори талабга эга 7 та касб ва мутахассислик жами қабулнинг 49 фоизини ташкил этган.

Хусусан, “Автомобилларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш” касби умумий қабулнинг 20 фоизини эгаллаган. Шунингдек, “Тикувчи” 7 фоиз, “Ҳамширалик иши” 6,2 фоиз, “Тракторчимашинист” 5 фоиз, “Даволаш иши” 4,1 фоиз, “Компютер графикаси ва дизайн оператори” 3,8 фоиз ва “Рақамли ахборотларни қайта ишлаш устаси” 3,4 фоизни ташкил этган.

Бу ҳолат абитуриентлар талаби айрим касб ва мутахассисликларда юқори даражада жамланаётганини кўрсатади ҳамда қабул параметрларини белгилашда меҳнат бозори эҳтиёжлари билан бирга ёшларнинг таълим касб ва мутахассисликларга қизиқишини ҳам ҳисобга олиш муҳимлигини англатади.

### Энг юқори ва энг паст талабга эга 5 та йўналиш

Таҳлил давомида айрим касб ва мутахассисликларда қабул параметрлари белгиланган квоталарга нисбатан 300–550 фоизгача ортиқча шакллангани кузатилган. Шу билан бирга, айрим йўналишларда бунинг мутлақо акси ҳам қайд этилган. Яъни, бир қатор касб ва мутахассисликлар бўйича тасдиқланган қабул квоталари мавжуд бўлса-да, қабул параметрлари нол даражада бўлган ҳолатлар аниқланган.

Хусусан, қуйидаги 5 та йўналишда режалаштирилганидан ҳам кўпроқ талабалар қабул қилинган:

“Автомобилларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш”;

“Тикувчи”;

“Ҳамширалик иши”;

“Тракторчи-машинист”;

“Даволаш иши”.

“Бухгалтер”, “Иккиламчи қайта ишлаш”, “Мебел ишлаб чиқариш технологияси”, “Кадастр, Энергатика” (иссиқлик энергетикаси) каби йўналишлар эса энг паст талабга эга бўлган.

Таҳлилда қайд этилишича, қабул параметрларининг нол даражада ёки жуда паст шаклланиши ҳар доим ҳам мазкур касб ва мутахассисликларга талаб йўқлигини билдирмайди. Амалда айрим йўналишлар бўйича тавсия этилганлар сони гуруҳ тузиш учун етарли бўлмаган ҳолларда, ўқувчиларнинг розилиги билан улар бошқа яқин йўналишларга ўтказилган.

“Юқорида келтирилган ҳолатлар касб ва мутахассисликлари кесимидаги қабул параметрларини белгилашда тасдиқланган режа ва тавсия этилганлар сони билан бир қаторда, гуруҳ шакллантириш имконияти, минимал тўлдирилиш меъёри, ўқувчилар танлови, меҳнат бозори эҳтиёжлари ва ўқитиш харажатларининг самарадорлигини комплекс инобатга олиш зарурлигини кўрсатади. Бу эса кам талабгор касб ва мутахассисликларни қайта кўриб чиқиш ва қабул параметрларини реал эҳтиёжга мослаштиришни тақозо этади”, дейилади таҳлилда.

### Билим соҳасида ахборот-коммуникация технологиялари етакчи

Қабул параметрларининг 10 та билим соҳаси ва 22 та таълим соҳаси кесимидаги таҳлили соҳалар ўртасида талаб ҳамда қабул параметрларининг бажарилиш даражаси бўйича сезиларли фарқлар борлигини кўрсатди. Хусусан, билим соҳаси кесимида ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида 34 245 та квотага 40 788 нафар ўқувчи қабул қилинган бўлиб, бу қабул параметрларининг 119,1 фоизга бажарилганини англатади.

Шунингдек, муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш соҳаларида — 88,5 фоиз, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот соҳасида — 85,2 фоиз, қишлоқ, ўрмон, балиқчилик хўжалиги ва ветеринария соҳасида — 85,1 фоиз, хизматлар соҳасида — 75,6 фоиз ҳамда таълим соҳасида — 73,8 фоиз қайд этилган.

Бизнес, бошқарув ва ҳуқуқ соҳасида — 47,2 фоиз, санъат ва гуманитар фанлар соҳасида — 43,7 фоиз, табиий фанлар, математика ва статистика соҳасида — 26,7 фоиз ҳамда ижтимоий фанлар, журналистика ва ахборот соҳасида — 22,3 фоиз кўрсаткич қайд этилган.

### Касбий таълим тизимида техник, технологик ва амалий йўналишларга талаб юқори

Таълим соҳалари кесимида энг юқори қабул муҳандислик иши таълим соҳасига тўғри келган ва ушбу соҳага 76 584 нафар ўқувчи қабул қилинган. Бу жами қабулнинг 30,7 фоизини ташкил этади. Кейинги ўринларда ахборот коммуникация технологиялари — 40 788 нафар (16,4 фоиз), соғлиқни сақлаш — 34 245 нафар (13,7 фоиз), ишлаб чиқариш ва ишлов бериш соҳалари — 32 407 нафар (13,0 фоиз) ҳамда қишлоқ хўжалиги — 24 842 нафар (10,0 фоиз) таълим соҳаси қайд этилган.

Умуман олганда, қабулнинг асосий қисми иқтисодиёт ва меҳнат бозори учун амалий аҳамиятга эга бўлган соҳаларга йўналтирилган. Хусусан, муҳандислик, ахборот коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги таълим соҳалари жами қабулнинг 83,8 фоизини ташкил этмоқда. Бу касбий таълим тизимида техник, технологик ва амалий йўналишларга талаб юқори эканини кўрсатади.

Шу билан бирга, айрим соҳаларда қабул улуши жуда паст бўлиб қолган. Жумладан, балиқ хўжалиги бўйича 90 нафар, транспорт хизматлари бўйича 17 нафар, физика ва табиий фанлар бўйича 15 нафар ўқувчи қабул қилинган. Ушбу соҳаларнинг умумий қабулдаги улуши 0,1 фоиздан кам бўлиб, бу мазкур йўналишларга талаб пастлигини ёки қабул параметрларининг чекланган ҳажмда шаклланганини кўрсатади.

### Ҳудудларга хос йўналишлар

Таҳлилда ҳудудларда қайси касб ва мутахассисликларга талаб юқори экани ҳам ўрганилди. Унга кўра, Тошкент шаҳрида — компютер тизимларида дастурлаш, Тошкент вилоятида — кимёвий ишлаб чиқариш лаборанти, Самарқанд вилоятида — сартарошлик, Сурхондарё вилоятида — қутқарувчилик, Фарғона вилоятида — тикувчилик маҳсулотлари дизайни, Навоий вилоятида — фойдали қазилмаларни майдалаш ва саралашга талаб юқорилиги аниқланди.

### Қабул параметрлари бажарилишида Фарғона ва Самарқанд етакчи

Таҳлил натижалари республика ҳудудлари ўртасида қабул параметрларининг бажарилиш даражаси бўйича сезиларли фарқлар борлигини кўрсатди. Хусусан, республика бўйича ўртача қабул кўрсаткичи 84,9 фоизни ташкил этган бўлса, ҳудудлар кесимида бу кўрсаткич 65 фоиздан 100 фоизгача бўлган оралиқда шаклланган. Энг юқори натижалар Фарғона ва Самарқанд вилоятларида қайд этилган бўлиб, бу ҳудудларда қабул режаси тўлиқ бажарилган. Шунингдек, Бухоро ва Андижон вилоятларида қабул кўрсаткичи 96 фоизни, Жиззах вилоятида 93 фоизни ҳамда Наманган вилоятида 92 фоизни ташкил этган.

Мазкур таҳлилда фойдаланилган қабул квоталари, амалда қабул қилинган ўқувчилар сони, билим соҳалари, таълим соҳалари, йўналишлар, касб ва мутахассисликлар, тўлов шакллари ҳамда ҳудудлар кесимидаги маълумотлар Касбий таълим агентлиги тақдим этган расмий маълумотлар асосида шакллантирилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.