Ўзбекистонликларнинг қарийб учдан икки қисми ортиқча вазнга эга — статистика

**Ўзбекистонда аҳолининг қарийб учдан икки қисми ортиқча вазн ёки семизликдан азият чекмоқда – статистика маълумотлари**
Ўзбекистонда катта ёшли аҳолининг тахминан 64 фоизи ортиқча вазн ёки семизликка эга эканлиги аниқланди. Бу рақам мамлакатда соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликни тарғиб қилиш зарурати тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Оур Ворлд ин Дата платформасининг ЖССТ Глобал Ҳеалтҳ Обсерваторй маълумотларига асосланиб эълон қилган 2024-йилги статистикаси шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда 18 ёшдан ошган аҳолининг 64 фоизи тана вазни меъёридан юқори бўлган гуруҳга киради. Бу кўрсаткич ортиқча вазн ва семизлик ҳолатларини биргаликда ўз ичига олади.
ЖССТ мезонларига кўра, тана массаси индекси (ТМИ) 25 ва ундан юқори бўлган шахслар ортиқча вазнли, 30 ва ундан юқори бўлганлар эса семиз ҳисобланади.
Тана массаси индекси инсоннинг бўйи ва вазни ўртасидаги мутаносибликни баҳоловчи кўрсаткич бўлиб, у вазн етишмаслиги, меъёрдаги вазн ёки ортиқча вазнни аниқлашда қўлланилади. Уни ҳисоблаш учун тана вазнининг килограммдаги кўрсаткичини бўй ўлчамининг квадрат метрига бўлиш керак. Масалан, вазни 72 кг, бўйи 190 см бўлган одамнинг ТМИ қуйидагича ҳисобланади: ТМИ = 72 кг : (1.90)² = 25.9.
Ўзбекистон аҳолисининг тана массаси индекси бўйича МДҲ давлатлари орасида етакчилик қилмоқда. ОВИД/ВҲО маълумотларига кўра, бу кўрсаткич Ўзбекистонда 64% ни ташкил этади. Бошқа МДҲ давлатларида эса қуйидагича:
* Озарбайжон — 63%
* Молдова — 61%
* Туркманистон — 58%
* Тожикистон — 58%
* Қозоғистон — 56%
* Қирғизистон — 56%
* Россия — 56%
* Арманистон — 56%
* Беларус — 55%
Дунё бўйича эса катта ёшли аҳолининг қарийб 45 фоизи ортиқча вазн ёки семизликка эга. Энг юқори кўрсаткичлардан бири Тонгада қайд этилган бўлиб, у 91 фоизни ташкил этади. Японияда эса бу кўрсаткич тахминан 24 фоизни ташкил этади.
ЖССТ ортиқча вазн ва семизликни сурункали касаллик сифатида баҳолайди. Улар юрак-қон томир касалликлари, 2-тур қандли диабет, гипертония ва айрим саратон турлари хавфини ошириши мумкин.
Ўзбекистонда юрак-қон томир касалликлари ҳам ўлимнинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. ИҲМЕ Глобал Бурден оф Дисеасе маълумотларига кўра, 2023-йилда ушбу касалликлардан ўлим кўрсаткичи ҳар 100 минг аҳолига 522,4 тани ташкил этган. Юрак-қон томир касалликлари мамлакатдаги барча ўлимларнинг 52,8 фоизини ташкил этган. Юрак-қон томир тизими касалликлари ривожланиш хавфи ТМИ кўрсаткичига қараб қуйидагича баҳоланади:
* ТМИ < 18.5 бўлса, хавф паст (бошқа касалликлар ривожланиши мумкин);
* ТМИ 18.5—24.9 бўлса, хавф одатдагидек;
* ТМИ 25.0—29.9 бўлса, хавф баланд;
* ТМИ 30.0—34.9 бўлса, хавф юқори;
* ТМИ 35.0—39.9 бўлса, хавф жуда юқори;
* ТМИ >= 40 бўлса, хавф фавқулодда юқори саналади.

