Ўзбекистонликларга хорижда ишлаш харажатлари учун 12 млрд сўм компенсация ажратилди
Бу 9 ойда ажратилган маблағ бўлиб, хорижга ташкиллаштирилган тартибда ишга кетаётган фуқароларнинг виза, йўл чиптаси, имтиҳон ва суғурта харажатларининг бир қисми қопланмоқда.

Ўзбекистонликларнинг хорижда ишлаш харажатлари учун 12 млрд сўм компенсация ажратилди
Ўзбекистонликларга хорижда ишлаш харажатлари учун 9 ойда 12,3 млрд сўм компенсация берилди.
Хорижга ташкиллаштирилган тартибда ишга кетаётган фуқароларнинг виза, йўл чиптаси, имтиҳон ва суғурта харажатларининг бир қисми Миграция жамғармаси ҳисобидан қопланмоқда.
2026-йилнинг 9 ойида ажратилган компенсация маблағлари қуйидаги харажатларни қоплашга сарфланган: ищи визаси — 4 103 та (7 млрд 715 млн сўм); йўл чиптаси — 3 981 та (3 млрд 264 млн сўм); тил ёки касб имтиҳони — 30 та (34,9 млн сўм); ҳаёт ва соғлиқ суғуртаси — 4 523 нафар (1 млрд 244 млн сўм).
Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган ҳамда меҳнат миграциясида бўлган фуқароларга субсидия, компенсация ва кредитлар ажратиш тартиби ҳукуматнинг 2025-йил 22-апрелдаги қарорида белгиланган. Унга кўра, фуқаро субсидия ва компенсациялар тўлаб берилишини сўраб “Хорижда иш” дастурий мажмуаси орқали электрон шаклда ёки бевосита агентликка ариза билан мурожаат қилади ва тегишли ҳужжатларни илова қилади.
Ариза агентлик томонидан 3 иш кунида кўриб чиқилади ва натижаси бўйича ариза берувчига “Хорижда иш” дастурий мажмуасидаги шахсий кабинети орқали хабарнома юборилади. Ариза маъқулланганда компенсация суммаси Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан фуқаро хорижда ишга жойлашганидан сўнг бир ойдан кечикмасдан, унинг аризасида кўрсатилган банк пластик картасига ўтказиб берилади ва фуқаро “Хорижда иш” дастурий мажмуаси орқали хабардор қилинади.
Бундан аввал агентлик 2026-йилнинг 9 ойида хорижда қийин аҳволда қолган 5 мингга яқин ўзбекистонлик ватанга қайтарилгани ҳақида хабар берганди. Хорижда оғир вазиятга тушган Ўзбекистон фуқароларини қўллаб-қувватлаш учун 22,4 млрд сўм йўналтирилди.

