Ўзбекистонлик электриклар ва бетон қуювчилар Сербияга ишга таклиф қилинмоқда. Маош — 1500 еврогача
Сербияда ЭХПО 2027 кўргазмаси доирасида электриклар ва бетон қуювчилар учун 1000 та бўш иш ўрни очилди. Иш ҳақи 700−1500 еврони ташкил этади. Номзодлар 18−45 ёшда, 1−3 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши, рус ёки инглиз тилини билиши талаб этилади.

Ўзбекистонлик электриклар ва бетон қуювчилар Сербияга ишга таклиф қилинмоқда. Маош — 1500 еврогача
Сербияда 2027-йилда ўтказиладиган ЭХПО халқаро кўргазмаси доирасида Ўзбекистон фуқаролари учун қурилиш соҳасида 1000 та иш ўрни таклиф этилмоқда.
Кўргазма доирасидаги қурилиш обьектлари ва ишлаб чиқариш соҳаларида ишлаш учун номзодлар қабул қилинмоқда. Хусусан, электриклар учун 500 та, бетон қуювчилар учун яна 500 та бўш иш ўрни мавжуд.
Электриклар учун ойлик иш ҳақи 1000−1500 еврони ташкил этади. Номзодлар 25−45 ёшда, 1−3 йиллик иш тажрибасига эга ва тегишли малакага эга бўлиши керак. Шунингдек, разрядга эга бўлиш талаб этилади.
Бетон қуювчилар учун иш ҳақи ойига 700−1200 евро этиб белгиланган. Бу лавозимга 18−45 ёшдаги, 1−3 йиллик иш тажрибасига эга малакали ищилар қабул қилинади. Номзодлар семент маркаларини тушуниши ва бетон вибрацияси технологиясини билиши керак.
Ҳар икки вакансия бўйича иш Сербиянинг Белград шаҳрида доимий асосда ташкил этилади. Иш вақти ҳафтасига 40 соат, 5/2 тартибида бўлади. Иш берувчи ходимларни турар жой ва озиқ-овқат билан таъминлайди, ижтимоий ҳимоя ва тиббий суғурта тақдим этилади.
Умумий талабларга кўра, номзодлар рус ёки инглиз тилини бошланғич ёки мулоқот даражасида билиши ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун соғлом бўлиши лозим.
Ишга жойлашиш расмий меҳнат шартномаси ва тегишли меҳнат визаси асосида амалга оширилади. Номзоднинг ишга қабул қилиниши унинг малакаси, иш тажрибаси ва иш берувчи талабларидан келиб чиқиб ҳал этилади.
Қайд этилишича, олий маълумот ва тегишли иш тажрибасига эга қурилиш ҳамда электр муҳандислари учун ҳам алоҳида иш ўринлари бор. Уларга ойига 1500 евродан бошлаб иш ҳақи таклиф этилмоқда.

