Ўзбекистонга дам олиш кунлари салқин ҳаво кириб келиши бошланади

Дам олиш кунларидан бошлаб Ўзбекистонга салқин ҳаво кириб келиши кутилмоқда.
"Ўзгидромет" маълумотларига кўра, ёзнинг сўнгги кунларида Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида бироз иссиқ об-ҳаво сақланиб қолади. Кундузги ҳарорат асосан 33-38 даража атрофида, жанубда эса айрим жойларда 39-40 даражагача кўтарилиши мумкин.
Август ойининг сўнгги кунларида Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига салқин ҳаво массалари кириб кела бошлайди ва 31-августга келиб кундузги ҳарорат 25-30 даражагача пасаяди. 1-сентябр куни нисбатан салқин ҳаво массалари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалиб, ҳаво ҳарорати 3-5 даражага тушади.
Бу кунларда асосан қуруқ об-ҳаво бўлиши прогноз қилинмоқда. Фақат Қорақалпоғистон Республикасининг шимолида жума ва шанба кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Республика бўйича айрим жойларда шамол тезлиги 13-18 метр/секундгача кучайиши, баъзи жойларда эса вақти-вақти билан 20-22 метр/секундгача етиши, чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.
Тошкентда ҳаво асосан кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Кундузги ҳаво ҳарорати 28-30-август кунлари 35-38 даража, 31-августда 34-36 даража, 1-сентябрда эса 30-32 даража бўлади. Кечалари ҳарорат 20-22 даража, 1-сентябрда эса 16-18 даражагача пасаяди.

