Ўзбекистондаги биринчи пулли автомобил йўлида йўл ҳақи миқдори маълум қилинди

Ўзбекистондаги илк пулли автомобил йўли – Урганч—Хива трассасида йўл ҳақи миқдорлари эълон қилинди. Бу ҳақда Автомобил йўллари қўмитаси матбуот хизмати Спот нашрига маълумот берди.
Енгил автомобиллар (М1 тоифаси) учун Хивадан Урганчга ва орқага тўлиқ йўналиш бўйича йўл ҳақи 25 минг сўмни ташкил этади. Шунингдек, узунлиги 28 км бўлган қисқа йўналиш – “Туркманли” маҳалласидан Хивагача бўлган йўл ҳам мавжуд бўлиб, унинг нархи 20 минг сўм этиб белгиланган.
Оғирлиги 3,5 тоннагача бўлган енгил юк автомобиллари (Н1), 8 нафардан ортиқ йўловчига мўлжалланган автобуслар (М2/М3) ҳамда оғирлиги 3,5−12 тонна бўлган ўрта юк автомобиллари (Н2) учун тўлиқ йўналиш нархи 40 минг сўм, қисқа йўналиш эса 25 минг сўм қилиб белгиланган.
Йўл ҳақи автомобилларни тўхтатмасдан, электрон шаклда ундирилади. Транспорт оқими ва тўлов тизими сунъий интеллектга асосланган рақамли ечимлар орқали бошқарилади.
Ҳозирда Урганч—Хива пулли йўлида тўлов тизими синов режимида ишламоқда ва 25-августдан тўлиқ ишга туширилади. Мобил илова Гоогле Плай ва Апп Сторе дўконларида юклаб олиш учун мавжуд бўлади.
Махсус сайт орқали йўл ҳолати, тирбандликлар, тахминий ҳаракатланиш вақти ва об-ҳаво шароитлари ҳақида маълумот олиш мумкин. Сайтда электрон ҳамён ҳам мавжуд бўлиб, уни ДЕВҲУБ компанияси томонидан ишлаб чиқилган ВИА учинчи томон хизмати орқали ёки банк картасини улаш орқали тўлдириш мумкин. Йўл ҳақини қўлда тўлаш ёки ҳар бир қатновдан сўнг маблағни балансдан автоматик ечиб олиш функсиясини фаоллаштириш имконияти мавжуд.
Шунингдек, сайтга давлат рақами, тоифаси, ишлаб чиқарувчиси, русуми ва ранги кўрсатилган ҳолда транспорт воситасини қўшиш мумкин.
Йўл белгиларига кўра, пулли трассада максимал тезлик 150 км/соат (қайрилишларда 130 км/соат), минимал тезлик эса 40 км/соат этиб белгиланган.
Йўлда пиёдалар, мопедлар, от-аравалар ҳамда тиркамали транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади. Қайрилиб олиш ва тўхташ ҳам ман этилган.
Йўл қопламасининг юқори қатламларида иссиқ иқлимга чидамли махсус модификацияланган битум аралашмасидан фойдаланилган. Қопламанинг умумий қалинлиги 87 сантиметрни ташкил этади. 18-август куни Президент ушбу пулли автомобил йўли билан танишиб, унда ҳаракатланиб кўрган эди.
5-август куни қабул қилинган “Автомобил йўллари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририга кўра, пулли автомобил йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов қатъий белгиланган бўлиши ёки босиб ўтилган ҳар бир километр учун ҳисобланиши ёхуд транспорт воситаларининг тоифаси, куннинг вақти, ҳафтанинг куни ёки йилнинг ойига қараб табақалаштирилиши мумкин.

