Ўзбекистонда хорижий олийгоҳлар сони 10 йилда 4,3 баробар ошди
Ўзбекистонда хорижий ОТМлар сони сўнгги ўн йилда кескин кўпайди. Айниқса, 2020-йилдан кейин ўсиш тезлашган

Ўзбекистонда хорижий олий таълим муассасалари сони сўнгги ўн йилда 4,3 баробарга кўпайди.
Миллий статистика қўмитаси томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2025/2026-ўқув йили бошида Ўзбекистонда 30 та хорижий олий таълим ташкилоти фаолият кўрсатган. Бу кўрсаткич 2015/2016-ўқув йилидаги 7 тага нисбатан 4,3 баробар кўпдир. Демак, ўн йил ичида мамлакатдаги хорижий ОТМлар сони 23 тага ошган.
Хорижий олий таълим ташкилотлари сони 2005/2006-ўқув йилида атиги 2 тани ташкил этган. 2010/2011-ўқув йилига келиб эса бу рақам 6 тага етган.
2015/2016-ўқув йилида мамлакатда 7 та хорижий олий таълим ташкилоти фаолият юритган бўлса, кейинги беш йиллик даврда уларнинг сони сезиларли даражада ўсган. 2020/2021-ўқув йили бошида хорижий ОТМлар сони 18 тага етган, бу 2015/2016-ўқув йилига нисбатан 11 тага кўпроқдир.
Шунингдек, 2020/2021-ўқув йилидан 2025/2026-ўқув йилига қадар хорижий олий таълим ташкилотлари сони яна 12 тага ошиб, умумий сони 18 тадан 30 тага етган.

