Ўзбекистонда вояга етмаганлар орасида судланганлар олти ойда 9,1 фоизга кўпайди

Ўзбекистонда вояга етмаганлар орасида судланганлар олти ойда 9,1 фоизга ошди
Ўзбекистонда 2026-йилнинг биринчи ярмида судланган вояга етмаганлар сони 9,1 фоизга кўпайди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Таҳлилларга кўра, олти ой ичида 1 370 нафар вояга етмаган шахс судланган. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 115 нафарга, яъни 9,1 фоизга юқори.
Судланганларнинг 232 нафари, яъни жами судланганларнинг 16,9 фоизи озодликдан маҳрум этилган. Яна 239 нафари (17,4 фоиз) жаримага тортилган. Бундан ташқари, 815 нафар судланувчи (59,5 фоиз) озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган, 25 нафари эса ахлоқ тузатиш ишларига юборилган.
Ярим йил давомида судланган вояга етмаганлардан 520 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган. Яна 101 нафарининг жазоси енгилроқ жазога алмаштирилган, 646 нафари эса ишлари ярашув асосида тугатилган шахслар ҳисобланади.
Олий суд маълумотига кўра, биринчи ярим йилликда жами 40 696 та жиноят иши доирасида 49 705 киши судланган. Жиноятларнинг учдан бир қисми оғир ва ўта оғир жиноятлар бўлган. Ҳисобот даврида 11 минг 703 киши озодликдан маҳрум этилган.

