Ўзбекистонда валютага талаб 44,3 млрд долларга етди
2026-йилнинг 8 ойида валютага талаб таклифдан 6,1 млрд долларга юқори бўлди. Курс эса ҳисобот даврида

Ўзбекистонда валютага талаб 44,3 млрд долларга етди
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026-йил январ–август ойларида юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасига жами талаби 44,3 млрд долларни ташкил этган.
Бу кўрсаткич 2025-йилнинг шу давридаги 37,8 млрд долларга нисбатан 17,3 фоизга юқори. Жами валюта харидининг 34,7 млрд доллари юридик шахслар, 9,6 млрд доллари эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келган.
Шу даврда чет эл валютасининг жами таклифи ҳам ошган. У 38,2 млрд долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига қараганда 25,5 фоизга, яъни 7,8 млрд долларга кўпайган. Январ–август ойларида аҳоли тижорат банкларига қарийб 16,6 млрд доллар миқдорида чет эл валютасини сотган.
Юридик шахслар томонидан сотилган валюта маблағлари 21,6 млрд долларни ташкил этган. Шу билан жами валюта таклифининг асосий қисми юридик ва жисмоний шахслар сотуви ҳисобидан шаклланган.
Ҳисобот даврида талаб ва таклиф ўртасида 6,1 млрд долларлик тафовут қайд этилган. Талаб 44,3 млрд доллар, таклиф эса 38,2 млрд доллар бўлган.
Январ–август ойларида валюта айирбошлаш курси 11 779–12 320 сўм/АҚШ доллари оралиғида ўзгариб турган.
Ҳисобот даври якунига кўра, курс 1,5 фоизга ошган. Валюта айирбошлаш курсининг тебранувчанлиги ўртача 32,3 сўмни ёки 0,27 фоизни ташкил этган. 2025-йилнинг январ–август ойларида бу кўрсаткич 32,4 сўм ёки 0,26 фоиз бўлган.

