Ўзбекистонда товарлар ва хизматлар учун нақд пул тўловлари лимити 176 млн сўмгача оширилади
Ўзбекистонда нақд пулдаги ҳисоб-китобларнинг максимал миқдори 176 млн сўмгача оширилади. Ҳозирда “қимматбаҳо” товар ва хизматлар учун 25 млн сўмлик чеклов амалда. Истиснолар фақат нақд пулсиз шаклда тўланадиган категориялар, жумладан, машина, уй-жой, алкогол, тамаки ва ёнилғи учун сақланиб қолади.

Ўзбекистонда товар ва хизматлар учун нақд пулда тўлов қилишнинг юқори чегараси 176 миллион сўмга кўтарилади. Бу ўзгариш Президентнинг 27-август куни тадбиркорлар билан ўтказилган 6-очиқ мулоқот вазифаларини бажаришга қаратилган фармонида белгиланган.
Ҳужжатда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, шунингдек, Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигининг таклифлари маъқулланган. Ушбу таклифлар орасида товар ва хизматлар учун нақд пулда ҳисоб-китоб қилишнинг максимал миқдорини 400 БҲМ (176 миллион сўм) этиб белгилаш ҳам мавжуд. Эслатиб ўтамиз, 1-апрелдан бошлаб нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш мумкин бўлган товар ва хизматларнинг максимал қиймати 25 миллион сўм эди.
Шундай қилиб, янги чеклов етти баравардан кўпроққа оширилмоқда. Аммо бу чеклов қонунчиликда фақат нақд пулсиз шаклда тўланиши белгиланган товар ва хизматларга тааллуқли эмас.
Умуман олганда, ушбу ҳужжатда бизнес харажатларини камайтириш, текширувларни қисқартириш, тадбиркорлар ҳимоясини кучайтириш ва уларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш бўйича чоралар кўзда тутилган.

