Маҳаллий

Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика ходимлари кунини биргаликда нишонлаш кўриб чиқилмоқда

Қонунчилик палатаси Тиббиёт ходимлари кунини Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни деб қайта номлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилиб, Сенатга юборди. Байрам ноябр ойининг иккинчи якшанбасида нишонланади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025-йил ноябрида илгари сурган ташаббусидир.

Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика ходимлари кунини биргаликда нишонлаш масаласи кўриб чиқилмоқда

20-октабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тиббиёт ва фармацевтика ходимлари кунини белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилиб, уни Сенатга юборди.

Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон президентининг тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашувида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Ҳужжат билан “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш киритиш таклиф этилмоқда. Унга кўра, қонун матнидаги “тиббиёт ходимлари” деган сўзлар “тиббиёт ва фармацевтика ходимлари” деган сўзлар билан алмаштирилади. Шунингдек, ноябр ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни этиб белгиланади.

Қонун лойиҳасини палатада тақдим этган Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси раисининг ўринбосари Бахтиёр Ортиқовнинг айтишича, ҳужжат фармацевтика ходимларининг жамиятдаги мавқеини ошириш, аҳолига сифатли фармацевтика хизматларини кўрсатаётган мутахассислар меҳнатини муносиб қадрлашга қаратилган.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистонда 50 мингдан ортиқ фармацевтика мутахассиси фаолият юритмоқда. Шунингдек, 504 та фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси, 478 та дистрибютор ташкилот ва 14 мингдан ортиқ дорихона ишламоқда.

Қўмита раисининг ўринбосари амалдаги қонунда фақат тиббиёт ходимлари куни белгилангани, фармацевтика ходимлари эса алоҳида тилга олинмаганини таъкидлади. Унинг айтишича, таклиф этилаётган ўзгартиришлар “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги қонунларда қўлланиладиган тушунчалар билан уйғунликни таъминлайди.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат буджетидан қўшимча маблағ талаб этмайди.

Муҳокама чоғида Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси аъзоси Зафар Худойбердиев фармацевтика ходимлари кунини тиббиёт ходимлари куни билан бирлаштириш сабабларига қизиқди.

У тушунтириш хатида хорижий тажриба ўрганилгани, айрим давлатларда фармацевтика ходимлари куни алоҳида нишонланиши келтирилганини эслатди. Депутат халқаро тажрибада 25-сентабр фармацевтлар куни сифатида нишонланишини қайд этиб, Ўзбекистонда ҳам алоҳида байрам куни белгилаш имконияти кўриб чиқилмагани сабабини сўради.

Бахтиёр Ортиқов бунга жавобан, амалдаги қонунчиликда тиббиёт ва фармацевтика ходимлари тушунчалари биргаликда қўлланилишини айтди. Шу сабабли лойиҳада икки тоифа ходимлари учун умумий байрам куни белгилаш таклиф этилганини тушунтирди.

Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов ҳам масалага муносабат билдириб, тиббиёт ва фармацевтика ўзаро яқин, бир-бирини тўлдирувчи соҳалар эканини таъкидлади. Унинг фикрича, улар учун умумий байрам куни белгилашнинг ўзи нотўғри эмас. Бироқ депутатнинг халқаро тажриба ва фармацевтика ходимлари кунини алоҳида белгилаш масаласи бўйича саволи ўринли.

Спикер қонун лойиҳасини ишлаб чиққанлар халқаро тажрибага таянаётган бўлса, нима учун Ўзбекистонда бошқа ёндашув танланганига ҳам аниқ жавоб бериш кераклигини айтди.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланганидан кейин иккинчи ўқишга тайёрланди. Муҳокамада ҳужжат номига юридик-техник ўзгартиришлар киритилгани тушунтирилди.

Депутатлар қонун лойиҳасининг моддаларини кўриб чиқиб, уни иккинчи ўқишда қабул қилишни маъқуллади. Сўнг ҳужжатни Сенатга юбориш тўғрисидаги қарор ҳам овозга қўйилиб, қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2025-йил ноябр ойида Шавкат Мирзиёев Тошкент давлат тиббиёт университетига ташрифи чоғида Тиббиёт ходимлари кунини Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни деб қайта номлашни таклиф қилган эди.

Президент тиббиёт ва фармацевтика ўзаро чамбарчас боғлиқ соҳалар эканини таъкидлаб, ушбу байрамни биргаликда нишонлаш ташаббусини илгари сурган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.