Ўзбекистонда такси ҳайдовчилари 8 ойда 7,2 трлн сўмлик хизмат кўрсатди

Ўзбекистонда такси ҳайдовчилари 8 ойда 7,2 трлн сўмлик хизмат кўрсатди
2026-йил январ–август ойларида 242 та такси агрегатори солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинди. Шу даврда жами 329 млн марта йўловчи ташилди. Йўловчи ташиш айланмаси 7,2 триллион сўмдан ошди.
Айланманинг 4,5 триллион сўми ёки 63,1 фоизи нақд, 2,6 триллион сўми ёки 36,9 фоизи нақдсиз тўловлар ҳиссасига тўғри келган. Ўртача битта чек 21 785,5 сўмни ташкил этди. Агрегаторлар орқали йўловчи ташиш хизматларини 481,1 минг нафар ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи кўрсатмоқда. Уларнинг 4 107 нафари аёллар.
Январ–август ойларида такси хизматидан 100 млн сўмдан ортиқ даромад олган ҳайдовчилар сони 7,9 мингдан ошган. 50–100 млн сўм даромад олганлар — 31,5 минг, 10–50 млн сўм — 124,4 минг, 5–10 млн сўм — 59,9 минг, 1–5 млн сўм — 123,6 минг, 1 млн сўмгача даромад олганлар 133,7 минг нафарни ташкил этган.
Таксиларда энг кўп ишлатилаётган автомобиллар Собалт (27 фоиз), Нехиа (19,3 фоиз) ва Ласетти (16,1 фоиз) бўлган. Электромобиллар улуши 2,5 фоизни ташкил этган. Автомобилларнинг 16,3 фоизи 1–3 йиллик, 37,1 фоизи 3–5 йиллик, 17,3 фоизи 5–10 йиллик, 29,2 фоизи эса 10 йилдан ортиқ муддат давомида фойдаланилган.
Агрегаторлар томонидан шу даврда жами 149,2 миллиард сўм солиқ тўланган. Шундан 46,8 миллиард сўми қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ҳиссасига тўғри келган.
2026-йил 1-январдан Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришлар билан эндиликда ЙТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар 1 миллиард сўмгача бўлган айланмасидан 1 фоиз миқдорда АОС (айланмадан олинадиган солиқ) тўлаши лозим.
Аниқроқ айтганда, ўзини ўзи банд қилган такси ҳайдовчиси бир ойда 2 миллион сўм даромад топса, у тўлаши лозим бўлган солиқ миқдори атиги 20 минг сўмни ташкил этади. Ҳайдовчи онлайн-агрегаторлар орқали таксичилик қилса, солиқни ушлаб қолиш агрегатор томонидан ҳайдовчиларга даромадларни ўтказиш чоғида автоматик тарзда амалга оширилади.

