Ўзбекистонда тажриба тариқасида “Яшил АИ” модули ишга туширилади

Ўзбекистонда тажриба асосида “Яшил АИ” модули ишга туширилиши режалаштирилмоқда
Ўзбекистонда кўкаламзорлаштириш ишларини сунъий интеллект ёрдамида режалаштириш ва кузатиш тизимини жорий этиш мумкин. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида “Яшил АИ” модулини тажриба тариқасида ишга тушириш таклифи билдирилди.
Шавкат Мирзиёев танишган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича тақдимотда қайд этилишича, ушбу тизим орқали ҳудудларнинг тупроқ таркиби, иқлими ва сув таъминоти таҳлил қилиниб, кўчат экиш учун энг мақбул майдонлар ҳамда уларга мос дарахт турлари юзасидан тавсиялар шакллантирилиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, “Яшил АИ” ёрдамида кўчатларнинг қуриши, сув танқислиги, касаллик ва зараркунандалар хавфини эрта аниқлаш мумкин бўлади. Аниқланган муаммолар бўйича масъулларни огоҳлантириш ва кўкаламзорлаштириш натижаларини ягона харитада кузатиш имконияти яратиш режалаштирилмоқда.
Тақдимотда сунъий интеллектдан ташқари, ҳудудларга мос соғлом кўчатларни кўпайтириш учун “ин-витро” лабораториялари ва замонавий кўчатхоналар ташкил этиш таклиф қилинди. Сувни кўп талаб қиладиган манзарали газонларни босқичма-босқич қурғоқчиликка чидамли ўсимликларга алмаштириш ҳам кўзда тутилмоқда.
Маҳаллаларда “яшил рейтинг” тизимини жорий этиш ҳам режалаштирилмоқда. Рейтингда яшил майдонлар улуши, аҳоли сонига нисбатан дарахтлар сони, янги кўчатларнинг яшовчанлиги ва аҳолининг кўкаламзорлаштиришдаги иштироки ҳисобга олинади. Юқори кўрсаткичга эга маҳаллаларни қўшимча маблағ ва “яшил” лойиҳалар учун микрогрантлар билан рағбатлантириш таклиф этилмоқда.
Ҳудудларга қараб алоҳида кўкаламзорлаштириш лойиҳалари ҳам ишлаб чиқилган. Жумладан, Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида маҳалла ва жамоат боғлари, соя-салқин сайр кўчалари ҳамда саноат корхоналари атрофида “яшил белбоғ”лар яратиш режалаштирилмоқда. Сизот сувларини йиғиб, суғоришда қайта ишлатиш, сув ўтказувчан қопламалардан фойдаланиш ва органик чиқиндилардан компост тайёрлаш каби ечимлар ҳам кўзда тутилган.
Бухоронинг Олот туманида чўл шароитига мос ва сувни кам талаб қиладиган ўсимликлар ҳисобига яшил қопламани кенгайтириш, маҳаллий кўчатчиликни ривожлантириш, дендрология боғи ва шўрга чидамли ўсимликлар боғини ташкил этиш таклиф қилинди. Йўл ва каналлар бўйида ҳимоя дарахтзорларини барпо этиш ҳам режалаштирилмоқда.
Самарқанднинг Ургут туманида эса тоғ ва тоғолди шароитига мос кўкаламзорлаштириш, дендрология боғи ва жамоат паркларини ташкил этиш, саноат зоналари ҳамда темирйўл атрофида “яшил белбоғ”лар яратиш кўзда тутилган. “Омонқўтон” миллий табиат боғида маҳаллий дарахт ва бута уруғлари асосида табиий ўсимлик қопламини тиклаш чоралари ҳам таклиф этилган.
Шунингдек, ҳудудларни кўкаламзорлаштиришда “3-30-300” тамойили асосида иш олиб бориш таклиф қилинди. Унга кўра, ҳар бир инсон яшаш, ишлаш ёки ўқиш жойидан камида учта дарахтни кўра олиши, ҳудуднинг камида 30 фоизи дарахтлар сояси билан қопланиши ва яшил дам олиш ҳудуди уйидан 300 метр масофада жойлашиши кўзда тутилади.
Мазкур таклифлар “Яшил макон” лойиҳасини дарахт экишдан ташқари, уларни танлаш, суғориш, парваришлаш ва ҳолатини мониторинг қилишнинг ягона тизимига ўтказишга қаратилган.

